Ўзбекистондаги Хитой элчиси "Бир камар, бир йўл" лойиҳаси истиқболлари ҳақида гапирди

Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Хитой: "Бир камар бир йўл ташаббусини биргаликда амалга ошириш истиқболлари" мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Анжуманда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий, савдо, инвестициялар, транспорт, туризм, илм-фан ва маданий алоқалар муҳокама қилинди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 май — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Жорий йилда "Бир камар, бир йўл" ташаббуси илгари сурилганининг 5 йиллиги нишонланмоқда. Беш йил давомида халқаро жамоатчиликнинг фаол қўллаб-қувватлаши ва иштироки туфайли "Бир камар, бир йўл" қурилишида зўр натижаларга эришилди, деди душанба куни Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Цзянь Янь.

2018 йилда Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўл қуриш тўғрисида битим имзоланади
Элчининг сўзларига кўра, "айни вақтда 100 дан зиёд мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар ушбу буюк ишга жалб этилган. Шулардан 69таси Хитой билан ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолаган".

"Бу катта қизиқиш — лойиҳа барча мамлакатлар манфаатларига тамомила мос тушганлигини билдиради. Ушбу лойиҳа туфайли барча мамлакатлар фаровонлиги ортади. Аввалига Хитой томонидан илгари сурилган ушбу ташаббус эндиликда бутун дунё бўйлаб ўз мевасини бермоқда", — деди дипломат.

Цзянь Ян шунингдек, Ўзбекистон Қадимги ипак йўлидаги муҳим боғловчи тугун эканлигини, айнан Ўзбекистон ушбу лойиҳа ташаббусини қўллаб-қувватлаган биринчи давлатлардан бири бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, Ўзбекистондаги Хитой элчиси бу йил ХХР очиқ сиёсатнинг 40 йиллигини нишонлашини, мана шу йиллар тажрибаси фақатгина очиқлик сиёсати тараққиётга хизмат қилишини кўрсатганини айтиб ўтди.

"Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлик борасидаги салоҳияти ва истиқболи ниҳоятда улкан. Хитой томони "Бир камар бир йўл" қурилиши доирасида Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга умид билдиради", — деди дипломат.

Мирзиёев Хитой элчисини "Дўстлик" ордени билан мукофотлади
Ўзбекистонлик ёш эксперт Темур Назаров Спутник Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда "Бир камар, бир йўл" ташаббусини Ўзбекистон иқтисодига катта фойда келтирадиган "улкан лойиҳа", деб баҳолади.

"Буюк Ипак йўли бўйлаб ривожланиш тенденцияларини давом эттириш, иқтисодий ҳамкорликнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш, жалб этилган давлатларнинг иқтисодий тараққиёти, турли цивилизациялар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарор ривожланишга кўмаклашиш мазкур дастурнинг асосий мақсади ҳисобланади. Буюк Ипак йўли йўналишидаги мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган "Бир камар, бир йўл" лойиҳаси Ўзбекистоннинг ҳам иқтисодий имкониятларини ривожлантириш ва намойиш этишда муҳим аҳамиятга эга бўлади", — деди у.