Ўзбекистонда гилос учун энг паст экспорт нархи белгиланди

Мутахассислар фикрига кўра, экспорт қилинаётган гилоснинг энг кам нархи 4 $ бўлиши керак, ўшанда у жаҳон бозори нархларига бироз яқинлашади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 май — Sputnik.Ўзбекистонлик экспортчи компаниялар гилоснинг экспорт нархи бўйича ягона хулосага келишди, деб хабар қилмоқда "Ўзбекозиковқатхолдинг"матбуот хизмати.

“Биргаликда олиб олиб борилган синчиков изланишлар натижасида барча томон бир фикрга келди – бу йил Ўзбекистондан экспорт қилинадиган гилоснинг энг кам нархи — килограммига 4 $ бўлиши керак. Ушбу нарх бизга яқин жойлашган бозорлар учун амал қилади ва МДҲ бозорларида олдинги йилларда пайдо бўлган сотув тизимини сақлаб қолиш имконини беради”, — дейилган хабарда.  

Экспертлар фикрига кўра, ушбу нарх ўзбек гилоси нархини дунё бозори нархларига яқинлаштиради. Ўзбекистонда етиштирилган меваларнинг сифати ва экологик тозалиги хорижий харидорларда шубҳа уйғотмайди.

"Ўзбекозиқовқатхолдинг" бир кило гилосни 26 минг сўмдан сотиб олишини эълон қилди

Ўзбекистонлик экспортчиларнинг асосий мақсади – барча экспортерлар учун  барқарор натижага эришиш ва логистика тармоғини тезкор мувофиқлаштириб туришдир.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистон гилос экспорти бўйича дунёда бешинчи ўринни эгаллаб турибди. Экспорт ҳажми – йилига 100 минг тонна. Шунингдек, Республика бошқа ҳўл мевалар экспортида ҳам етакчилик қилмоқда. Хусусан ўрик экспорти бўйича – тўртинчи ўринни, олхўри экспорти бўйича – еттинчи узум ва шафтоли экспорти бўйича – ўнинчи ўринни эгаллаб келмоқда.