ТОШКЕНТ, 14 май — Sputnik. Ўзбекистонлик экспортчи компаниялар гилоснинг экспорт нархи бўйича ягона хулосага келишди, деб хабар қилмоқда "Ўзбекозиковқатхолдинг" матбуот хизмати.
“Биргаликда олиб олиб борилган синчиков изланишлар натижасида барча томон бир фикрга келди – бу йил Ўзбекистондан экспорт қилинадиган гилоснинг энг кам нархи — килограммига 4 $ бўлиши керак. Ушбу нарх бизга яқин жойлашган бозорлар учун амал қилади ва МДҲ бозорларида олдинги йилларда пайдо бўлган сотув тизимини сақлаб қолиш имконини беради”, — дейилган хабарда.
Экспертлар фикрига кўра, ушбу нарх ўзбек гилоси нархини дунё бозори нархларига яқинлаштиради. Ўзбекистонда етиштирилган меваларнинг сифати ва экологик тозалиги хорижий харидорларда шубҳа уйғотмайди.
Ўзбекистонлик экспортчиларнинг асосий мақсади – барча экспортерлар учун барқарор натижага эришиш ва логистика тармоғини тезкор мувофиқлаштириб туришдир.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистон гилос экспорти бўйича дунёда бешинчи ўринни эгаллаб турибди. Экспорт ҳажми – йилига 100 минг тонна. Шунингдек, Республика бошқа ҳўл мевалар экспортида ҳам етакчилик қилмоқда. Хусусан ўрик экспорти бўйича – тўртинчи ўринни, олхўри экспорти бўйича – еттинчи узум ва шафтоли экспорти бўйича – ўнинчи ўринни эгаллаб келмоқда.