ТОШКЕНТ, 12 май — Sputnik. Москва шаҳрида футбол бўйича Меҳрибонлик уйлари ўртасида бошланган Жаҳон чемпионатида илк бор қатнашаётган Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ босқичидан чиқишга эришди. Бу ҳақда championat.asia хабар бермоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси қуръага кўра Россия ва Покистон терма жамоалари билан бирга "А" гуруҳидан жой олганди. Ўзбекистонликлар Покистон билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнашди, Россияни эса 2:0 ҳисобида мағлуб этиб гуруҳдан чиқишга муваффақ бўлишди.
Ўзбекистоннинг чорак финалдаги рақиби эртага маълум бўлади. Бу ёки Беларусь, ёки Миср терма жамоаси бўлади.
Эслатиб ўтамиз, мусобақа 11 майдан 16 майгача Москвадаги "Сапсан-Арена" стадионида бўлиб ўтади. Унда 21 мамлакатнинг 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўғил-қизларидан иборат 24 жамоа иштирок этади.
Гуруҳ босқичи ўйинлари 12,13,14 май кунлари, ярим финал ва финал ўйинлари 16 май куни бўлиб ўтади.