Ўзбекистонда қарийб юз йилдан буён чиқаётган журнал ёпилмайдиган бўлди

Бу борада Вазирлар Маҳкамаси Иқтисодиёт вазирлигига топшириқ берди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 май — Sputnik. Аввалроқ ёпилиши хабар қилинган "O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi" — "Экономический вестник Узбекистана" номини сақлаб қолишга ва ўз фаолиятини давом эттириш ҳуқуқини қўлга киритишга эришди. Бу ҳақда журнал сайтида хабар берилди.

Ўзбекистонда деярли юз йилдан буён чоп этиб келинган журнал ёпилади

"Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси "O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi" — "Экономический вестник Узбекистана" журнали таҳририят жамоасининг бир асрлик тарихга эга бўлган нашрни сақлаб қолиш юзасидан ёрдам кўрсатишни сўраб қилган мурожаатини кўриб чиқиб, муассис — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига масалани ўрганиб чиқиб, таклиф киритиш топшириғини берди", — дейилади хабарда.

Унга кўра, Иқтисодиёт вазирлиги журналнинг номини "O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi" МЧЖ жамоаси ташаббусига кўра ташкил этилаётган журналга бериш тўғрисида буйруқ чиқарди.

Шунингдек, буйруқда ҳуқуқий ворислик ҳамда тугатилаётган "Ўзбекистон иқтисодий ахборотномаси" ДУКнинг мол-мулкини янги ташкил этилаётган МЧЖга бепул ўтказиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам назарда тутилган.