Ўзбекистонда фирибгарлар валюта сиёсатидан фойдаланишга ўтди

Номаълум фирибгарлар кекса ёшдаги кишиларга Ўзбекистон ҳудудида АҚШ долларида муомала қилиш чекланиши муносабати билан пенсионерларга имтиёз яратилганини ва уларни уйига бориб, АҚШ долларини Евро валютасига айрибошлаш ишлари йўлга қўйилганлигини айтишмоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Фирибгарлар энди Ўзбекистон ички сиёсатидаги ўзгаришлардан фойдаланишга ўтди, деб хабар бермоқда Спутник Ўзбекистон мухбири Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизмати хабарига таянган ҳолда.

Хабарга кўра, 6 май куни Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида пенсионер З.Волохова ИИБга фирибгарларга учрагани юзасидан мурожаат қилган.

Тошкентда икки фирибгар 1 млн 750 минг долларни ўзлаштириб юборди
Маълум бўлишича, апрел ойининг иккинчи ярмида кундуз куни икки номаълум шахс (улардан бири аёл) Тошкент шоҳ кўчасида жойлашган "Фитнес клуби" олдида пенсионер аёлга ўзларини банк ходимлари деб таништириб, яқин кунларда Ўзбекистон ҳудудида АҚШ долларида муомала қилиш чекланиши муносабати билан пенсионерларга имтиёз яратилганини айтишган ва уларни уйига бориб, АҚШ долларини Евро валютасига айрибошлаётганликларини айтишган.

Сўнгра аёлни ишончига кириб, 400 АҚШ доллари ва 50 минг сўм пулини олиб, унга конвертга солинган 200 Евро валютаси кўринишидаги қалбаки пулларни бериб кетишган.

Ўзбекистон ИИВ айни вақтда ушбу жиноятни содир этган номаълум шахсларни аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрган.

"Ҳолат юзасидан кимда ким бирор бир маълумотга эга бўлса, 102 телефон рақамига ёки жойлардаги профилактик инспекторларига мурожаат қилишингизни сўраймиз", — дейилади хабарда.