Тан олиш лозим, шу пайтга қадар Ўзбекистонда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни байрамлар орасида энг нозиги эди. Бир жиҳатдан байрам — қувониш лозим, лекин хотира… Ёдлаш ва ҳаётдан эрта кетган, жафокаш боболар, момолар учун қайғуришга тўғри келарди, ўша давр азоблари, қийинчиликларини ёдга олиб, хулосалар чиқариш лозим бўларди.
Албатта, бу байрам ўзбекистонликлар ва россияликлар учун бир хил мазмунга эга эмас. Шу сабабли унинг номлари бошқа-бошқа.
Умумхалқ байрами, дегани нима ўзи?
Шунчаки, дам олиб, хурсандчилик қиладиган кун эмас. У миллатни, халқни, давлат фуқароларини жипслаштирадиган, бирдамликка хизмат қиладиган тадбир, анъана, ғоя!
Россия учун 9 май миллатни бирлаштирувчи ғоянинг ажралмас қисми. Ўзбекистонда эса анча пайт негадир бу байрамдан миллий ғоя тарғиботида фойдаланилмади. Энди, мамлакатда очиқлик, ўзаро манфаатли, дўстона ҳамкорлик сиёсат юритилаётганда, қадриятларга янгича назар билан қараш (уларни қайта баҳолаш эмас) жараёни кетаётганда мазкур байрам миллий ғоя учун хизмат қиладиган анъанага айлантирилди. Миллатнинг бағрикенглигини тарғиб этувчи, халқлар аро дўстлик, тотувлик ва иноқликни куйловчи анъанага.
Албатта, булар ғалаба яқинлашишига хизмат қилди. Бироқ, Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушидаги асосий иши — болаларга ғамхўрлиги, уруш болаларига, уруш жанггоҳларида жон олиб, жон бераётган, ҳалок бўлган инсонлар фарзандларига бошпана бергани, уларни ўз бағрига олгани, уларга оталик, оналик қилгани эди.
"Сен етим эмассан!" — бу шунчаки буюк шоирнинг мисралари эмас. Бу Ўзбекистоннинг уруш болаларига айтган гапи, уруш даврининг бош шоири, асосий иши, 9 майдаги ғалабага қўшган бош улуши, керак бўлса, марҳамати эди.
Уруш нима ўзи?!
Келажак учун кураш! Шунинг учун ҳам орадан неча йиллар ўтиб, омонсиз жангларда ҳалок бўлганларни эслаймиз… унутмаймиз.
Улар биз учун, келажагимиз, бахтли ҳаётимиз учун (анчайин сийқа сўз, лекин ҳақиқат) курашган, ахир. Шу сабабли Иккинчи жаҳон урушида асосий ишни Ўзбекистон бажарган, дейишга ҳақлимиз. Айнан Ўзбекистон келажакни асради; айнан Ўзбекистон уруш болаларини меҳрсизлик, эътиборсизлик комида қолиб, инсонийликни йўқотишдан сақлади. Уришаётган халқларнинг ор-номуси жанг майдонларида, келажаги эса Ўзбекистонда асраб қолинди.
Шу сабабли, Ўзбекистон 9 майни ўзининг Иккинчи жаҳон уришидаги ғалабага қўшган ҳиссаси ва ўз миллий ғоясидан келиб чиқиб нишонламоқда.
Бугун 9 май байрами мамлакатда юритилаётган ҳамжиҳатликка, дўстлик ва аҳил қўшничиликка йўналтирилган ички ва ташқи сиёсатда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди.
Албатта, уруш қатнашчилари ҳам унутилгани йўқ.
Инсоният урушни ва унда иштирок этганларни унутмаслиги лозим!
Йўқ, ғалабаларни, ҳарбий санъатни эсдан чиқармаслик учун ҳам эмас, шунчаки, инсониятнинг шундай бир ғалати одати, тушунарсиз ҳолати борлиги, унда минг-минглаб бегуноҳ, беайб, беғубор инсонлар сабабсиз, айбсиз қирилиб кетиши, ёш-у қари бирдай ўлим тегирмонига ташланишини унутиб қўймаслик учун.