Ғофур Раҳимов АҚШ санкциялар рўйхатидан ўз номи олиб ташланишига эришмоқчи

Ғофур Раҳимов уюшган жиноий гуруҳлар билан ҳеч қачон алоқада бўлмаганини билдирди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 май – Sputnik. Ўзбекистонлик бизнесмен ва Халқаро ҳаваскор бокс ассоциациясининг вақтинчалик президенти Ғофур Раҳимов АҚШ санкциялар рўйхатидан ўз номи олиб ташланишига эришмоқчи. Ассоциация сайтида Раҳимовнинг бу борадаги баёноти эълон қилинди.

AIBA ўзбекистонлик ёш боксчиларга спорт жиҳозлари ҳадя қилди

Унда билдирилишича, Ғофур Раҳимов Вашингтон ва Лондондаги адвокатларига АҚШ Ғазнасининг хорижий активларни бошқариш бўйича идорасига (ОFAC) "Махсус белгиланган фуқаролар рўйхати"дан ўз номини олдириб ташлаш учун мурожаатнома юбориш тўғрисида кўрсатма берган.

"Бу жаноб Раҳимовнинг ўз номи ва обрўсини оммавий ахборот воситаларидаги асоссиз айбловлардан тозалашга қаратилган дадил қадамларидан бири", — дейилади ассоциация пресс-релизида.

Ғофур Раҳимов баёнотида уюшган жиноий гуруҳлар билан ҳеч қачон алоқада бўлмаганини билдирди.

"Мен ҳеч қачон ҳеч қандай уюшган жиноий гуруҳ билан алоқадор бўлмаганман ва дунёнинг ҳеч бир юрисдикцияси томонидан ҳеч қачон ҳеч қандай жиноятларда айбланмаганман. АҚШ Ғазнасининг босими давом этаётган бўлса-да, мен АIBA бошқаруви ва молиявий барқарорлигини тиклаш бўйича ҳаракатларимни давом эттираман. Мен боксни яхши кўраман. АIBA ҳар қандай чорловлар устидан ғалабага эришади ва менга нисбатан асоссиз айбловларга қарамасдан, ҳаётимни спортга бағишлашда давом этаман", — дейилади баёнотда.

Ғофур Раҳимов январ ойида AIBA вақтинчалик президенти этиб тайинланган. Ташкилот президенти Чинг-Куо Ву ўтган йилнинг ноябрида истеъфога чиққанди.

Раҳимов 1998 йилдан буён AIBA ижроқўми аъзоси ҳисобланади. 2002 йилда ушбу ташкилот вице-президенти, 2006 йилдан ижрочи вице-президенти лавозимида фаолият олиб борган. 2010 йилда у Осиё бокс конфедерацияси президенти этиб сайланган.