Қозоғистонда юк машинаси ва автобус тўқнашуви оқибатида икки ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Фавқулодда вазиятлар ва Ички ишлар вазирликлари Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси билан биргаликда вафот этганларнинг жасадларини Ўзбекистон Республикасига олиб келиш бўйича ташкилий тадбирлар режалаштирилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 май – Sputnik. Қозоғистоннинг Ғарбий-Қозоғистон вилояти, Акжаик тумани, Лбиенск қишлоғи ҳудудидан ўтувчи “Уралск – Атирау” автомобил йўлида содир бўлган ЙТҲда икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Қозоғистон ИИВ Фавқулодда вазиятлар қўмитасига асосланиб Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Ставрополь ўлкасидаги ЙТҲда тўрт нафар ўзбекистонлик қурбон бўлди

Хабарда айтилишича, 2 май куни соат 02:39 ларда “МАН” русумли юк автомобили билан “Сетра” русумли автобус (автобусда йўловчилар бўлмаган) тўқнашган. Ҳодиса оқибатида юк автомобили ҳайдовчиси, 1978 йилда туғилган Олим Нематов (Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани, Фурқат кўчасида яшаган) ва автобус ҳайдовчиси, 1975 йилда туғилган Фарид Гафуров Фарид (бирламчи маълумотга кўра, Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳрида яшаган) ҳалок бўлган.

“Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар ва Ички ишлар вазирликлари биргаликда вафот этган фуқаролар бўйича маълумот уларнинг яқин қариндошларига  етказилди”, — дейилади хабарда.

Билдирилишича, Фавқулодда вазиятлар ва Ички ишлар вазирликлари Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси билан биргаликда вафот этганларнинг жасадларини Ўзбекистон Республикасига олиб келиш бўйича ташкилий тадбирлар  режалаштирилмоқда.