Шомаҳмудовлар оиласининг катта қизи Мирзиёевни дуо қилмоқда - ҳокимлик

Илгарироқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши йилларида юксак меҳр-мурувват ва оқибат кўрсатган Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган "Халқлар дўстлиги" деб номланган ёдгорлик ансамбли Тошкент шаҳри марказидаги майдонга қайтарилишини эълон қилган эди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қарори билан Шомаҳмудовлар оиласининг халқлар дўстлигини ифода этиб турувчи ҳайкаллари Тошкент шаҳридаги "Истиқлол" санъат саройининг майдонига кўчирилишидан хабар топган Шомаҳмудовлар оиласининг катта қизи — Холида хола адолат қарор топганлигини айтди, деб хабар қилди Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот-хизмати. 

Шомаҳмудовлар оиласидан кимлар ҳаёт? Машҳур хонадондан репортаж
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши йилларида юксак меҳр-мурувват ва оқибат кўрсатган Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласининг жасоратини алоҳида қайд этиб, "тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, ўзбек халқининг эзгу фазилати ва қадриятларни абадийлаштириш учун Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган халқлар дўстлиги деб номланган ёдгорлик ансамблини пойтахт марказидаги майдонга қайтарилиши"ни эълон қилган эди.

Мана шу хабардан кейин Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати ходимлари Шайҳонтоҳур тумани Жарариқ маҳалласида яшовчи Шомаҳмудовлар оиласини катта қизи Холида холанинг хонадонларида бўлганларида, Холида хола бундан хабар топганини ва мамнунлигини, адолат қарор топди дея, президентни қайта-қайта дуо қилаётганини айтган.

Холида хола бугунги кунда икки невара, беш эвара бағрида соғ-саломат ҳаёт кечирмоқда, дейилади хабарда.

Холида (Ольга) Шомахмудова со своим семимесячным правнуком Мухаммадумаром

"Шу кунларга етиб келганимга шукр. Ҳамма бўлаётган хайрли ишларни ўз кўзим билан кўраётганимга шукр", — деган Холида хола ва ҳазил ўрнида "9 май куни узун лимузин машинасида додамнинг номи қайтган майдонга олиб боринглар", деган кулиб.