ТОШКЕНТ, 25 апр – Sputnik. Ўзбекистон Бош прокуратураси жиноят ишига алоқадорлар ва уларнинг яқинлари ишончига кириб, ишнинг ижобий ҳал этилиши учун пора бериш зарурлиги айтиб уларнинг катта миқдордаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритаётган шахсларни қўлга олганлиги ҳақида хабар берди.
Хабарда айтилишича, С.А. ва Е.Ф. Hi-Tech Bank мансабдор шахсларига ўтказилган текширишларда аниқланган камчиликларни камайтириб кўрсатиш ҳамда уларга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш чорасини қўлламасдан, енгиллик беришни ваъда қилишиб 500 минг доллар пулларини олишган.
Бош прокуратуранинг билдиришича, бу ягона фирибгарлик ҳолати эмас. Хусусан, 22 апрел куни Бош прокуратура томонидан айбланувчи Я.М.ни жавобгарликка тортмасликни ваъда қилиб, мансабдор шахсларга пора сифатида бериш учун унинг 200 минг доллар пулини олган А.С. қўлга олинди.
Шунингдек, 2016-2017 йилларда учта жиноят иши бўйича айбланаётганларнинг яқинлари ишончига кирган Ф.А., Р.Р. ва Д.М. қўлга олинган. Улар жиноий жавобгарликдан қутулиш учун мансабдор шахсларга 150 минг доллар пора бериш кераклигини таъкидлашган. Фирибгарлар шу тарзда 50 минг доллар ва 20 миллион сўмга яқин пулни қўлга киритишган.
Бош прокуратура фуқароларни ҳушёрликка чақириб, бундай шахслар қармоғига илиниб қолмасликларини сўраган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятида ана шу йўл билан 500 минг долларни қўлга киритган шахслар қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.