Ўзбекистон матбуот эркинлиги рейтингида юқорилади

Ушбу рейтингда дастлабки учликни Норвегия, Швеция ва Нидерландия эгаллаган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 апр – Sputnik. "Чегарасиз мухбирлар" халқаро ноҳукумат ташкилоти жаҳон матбуот эркинлиги рейтингини эълон қилди. Ушбу рейтингда Ўзбекистон ўтган йилгига нисбатан тўрт поғона юқорилади.

2017 йилги рейтингда Ўзбекистон 169-ўринда жойлашган бўлса, бу йил тўрт поғона юқорилаб 165-ўриндан жой олди. Ҳисобот муаллифлари Ўзбекистонда кейинги бир ярим йил давомида инсон ҳуқуқлари соҳасида сезиларли ўзгаришлар содир бўлганини, маҳкумликда бўлган қатор журналистлар озодликка чиқарилганини қайд этишган.

Президент ташаббуси: Ўзбекистонда журналистика университети очилади

Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткич Қирғизистонга тегишли – 98-ўрин (2017 йилдагига нисбатан 9 поғонага пасайган). Кейинги ўринда Тожикистон (149-ўрин), Қозоғистон – 158-ўрин (ўтган йилги кўрсаткичдан бир поғона пастга тушган). Туркманистон 178-ўринда.

Ушбу рейтингда дастлабки учликни Норвегия, Швеция ва Нидерландия эгаллаган.

АҚШ ўтган йилгига нисбатан 2 поғона пастлаб, 45-ўриндан жой олди. Ҳисобот муаллифларининг билдиришларича, "АҚШ президенти журналистларга даҳанаки ҳужумларида матбуотни бир неча бор "америка халқининг душманлари" деб атаб, айрим ОАВга Оқ уйга киришга рухсат бермай, "фейк ньюс" иборасини мунтазам тилга олиш орқали мамлакатнинг 45-ўринга тушиб кетишига ҳисса қўшди".

Россия ўтган йилги 148-ўринни сақлаб қолган.

Рейтингдаги охирги 180-ўринда Шимолий Корея, 179-ўринда Эритрея жойлашган.

"Чегарасиз мухбирлар" йиллик ҳисоботи 2002 йилдан буён чоп этиб келинади. Ушбу ҳисоботда 180 мамлакатдаги матбуотнинг ҳолатига баҳо берилади.