Гурбангули Бердимуҳамедов 23 апрел куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади

Давлат раҳбарлари Кўксаройда тор ва кенг доирада музокаралар ўтказади. Икки томонлама ҳужжатлар имзоланади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 23 апрель куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот котиби Комил Алламжонов Facebookдаги ўз саҳифасида маълум қилди.

Марказий Осиё - янги катта ўйин учун майдон сифатида

Давлат раҳбарлари Кўксаройда тор ва кенг доирада музокаралар ўтказади. Икки томонлама ҳужжатлар имзоланади.

Ташриф дастури кенг ва мазмунга бой тарзда тузилган. Президентларнинг Тошкентдаги Махтумқули кўчасига бориши, Ашхобод сайилгоҳининг очилиш маросимида қатнашиши мўлжалланган.

Гурбангули Бердимуҳамедов 24 апрель куни Хоразм вилоятига боради. Урганч туманидаги "Улли ҳовли" ёдгорлиги, Хивадаги "Ичан қалъа" мажмуасига ташриф ва бошқа маданий тадбирлар режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 6-7 март кунлари Туркманистонга давлат ташрифини амалга оширганди. Ўтган йилнинг май ойи охирларида икки давлат раҳбарлари Туркманистоннинг Каспий денгизи соҳилидаги "Аваза" миллий туристик зонасида учрашишганди. Музокаралар якунига кўра, кўплаб икки томонлама ҳужжатлар имзоланганди.