ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Бугун Бухоро вилоятида Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси иш бошлади. Унинг очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.
“Шавкат Мирзиёев Ёқилғи-энергетика тармоғига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар фаол жалб этилаётгани, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси Ўзбекистон билан Россия ҳамкорлигининг ёрқин намунаси эканини қайд этди. Муҳандис ва қурувчиларга миннатдорлик билдириб, корхона жамоасига улкан муваффақиятлар тилади”, — дейилган хабарда.
Тантанали очилиш маросимида, шунингдек Россия энергетика вазири Александр Новак ҳам иштирок этди. Новак Россия президенти Владимир Путин табрик сўзини ўқиб эшиттирди.
Очилиш маросимида шунингдек, “Лукойл” компанияси президенти Вагит Алекперов, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси муҳандиси Шаҳзод Қурбонов, нефть-газ соҳаси фахрийси Комил Фозиловлар сўзга чиқишди.
Шундан сўнг мажмуа фаолиятига старт берувчи рамзий тугма босилди.
Матбуот хизмати хабарида айтилишига кўра, Шавкат Мирзиёев бундан икки йил олдин Қандим мажмуаси қурилишининг бошланиш маросимида иштирок этган. Ўтган давр мобайнида бу ерда улкан саноат комплекси ва 1150 кишига мўлжалланган ишчилар шаҳарчаси бунёд этилди. Йўллар, терминаллар, магистрал газ қувури, электр, сув тармоқлари ва бошқа инфратузилма объектлари барпо қилинди.