Президент бўлса-бўлмаса пахта экаверишни танқид қилди

Сирдарё вилоятида 20 минг гектар пахта майдони қисқартирилиб, бу ерда анор, узум, нўхат, рапс, соя, аччиқ қалампир каби харидоргир мева-сабзавотлар экилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгаришлар давом эттирилиши, ҳосилдорлиги кам ерларда пахта қисқартирилишини таъкидлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент Сирдарёга ташрифини Мирзаобод туманидан бошлади

"Бўлса-бўлмаса пахта экавериш, уни арзон нархда хомашё сифатида сотиш — иқтисодиётни тушунмаслик. Энди пахтани фақат рентабеллиги бор жойларда экамиз. Худо хоҳласа, икки-уч йилдан кейин бир кило пахтамизни ҳам четга сотмаймиз. Замонавий корхоналар ташкил этиб, юртимизда қайта ишлаймиз, қўшимча қийматли тайёр маҳсулот қилиб сотамиз",- деди Шавкат Мирзиёев.

Хабарда айтилишича, Сирдарё вилоятида 20 минг гектар пахта майдони қисқартирилиши, бу ерда анор, узум, нўхат, рапс, соя, аччиқ қалампир каби харидоргир мева-сабзавотлар экилиши қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон раҳбари 13 апрел куни Сирдарё вилоятига ташриф буюрди ҳамда вилоятда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан танишди.