ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгаришлар давом эттирилиши, ҳосилдорлиги кам ерларда пахта қисқартирилишини таъкидлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
"Бўлса-бўлмаса пахта экавериш, уни арзон нархда хомашё сифатида сотиш — иқтисодиётни тушунмаслик. Энди пахтани фақат рентабеллиги бор жойларда экамиз. Худо хоҳласа, икки-уч йилдан кейин бир кило пахтамизни ҳам четга сотмаймиз. Замонавий корхоналар ташкил этиб, юртимизда қайта ишлаймиз, қўшимча қийматли тайёр маҳсулот қилиб сотамиз",- деди Шавкат Мирзиёев.
Хабарда айтилишича, Сирдарё вилоятида 20 минг гектар пахта майдони қисқартирилиши, бу ерда анор, узум, нўхат, рапс, соя, аччиқ қалампир каби харидоргир мева-сабзавотлар экилиши қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон раҳбари 13 апрел куни Сирдарё вилоятига ташриф буюрди ҳамда вилоятда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан танишди.