АҚШ Сурияга ракета зарбалари берди

АҚШ раҳбарининг айтишича, у Суриянинг Дума шаҳрида ўтган ҳафтада юз берган кимёвий ҳужумдан сўнг Сурияга "нуқтавий зарбалар" бериш қарорини қабул қилган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. АҚШ президенти Дональд Трамп миллатга мурожаат қилиб Сурияга зарба берилиши ҳақида маълум қилди.

АҚШ раҳбарининг айтишича, у Суриянинг Дума шаҳрида ўтган ҳафтада юз берган кимёвий ҳужумдан сўнг Сурияга "нуқтавий зарбалар" бериш қарорини қабул қилган.

Лавров Думадаги кимёвий ҳужум саҳналаштирилган томоша эканлигини маълум қилди
Ҳарбий операцияда Буюк Британия ва Франция ҳам қатнашмоқда.

"Ўтган ҳафтада Асад режими бегуноҳ фуқароларни ўлдириш учун яна кимёвий қурол қўллади, бу сафар Сурия пойтахти яқинидаги Дума шаҳрида. Бу инсоннинг эмас, махлуқнинг иши. Етакчи мамлакатлар бугун кимёвий қурол қўлланилишига чек қўйиш учун бирлашишди", — деди Трамп.

Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, зарбалар шанба куни Москва вақти билан саҳар 3:42дан 5:10га қадар берилган.

Аввалроқ вазирлик расмий вакили генерал-майор Игорь Конашенков ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Суриянинг Дума шаҳрида "кимёвий ҳужум оқибатида жабрланганлар"га ёрдам кўрсатилаётгани ҳақидаги лавҳа саҳналаштирилганлигини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, ушбу саҳна кўринишининг бевосита иштирокчилари аниқланган ва улар бу лавҳа қандай суратга олингани ҳақида гапириб беришган.