ТОШКЕНТ, 12 апр – Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов Ўзбекистон тиббиётида жорий этиладиган “Ақлли тиббиёт” ва “Ягона тиббий маълумотлар маркази” ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Шодмонов айтишига қараганда, “ақлли технологиялар”нинг асосий мақсади — кам вақт ва куч сарфлаб, юқори натижага эришишдир. Ўзбекистонда “Ақлли тиббиёт”нинг асосини “Ягона тиббий маълумотлар маркази” ташкил қилади.
“Ягона тиббий маълумотлар маркази” – беморнинг амбулатор картаси, касалликлар тарихи киритилган электрон маълумотлар базасидир. Бу базада бола дунёга келишидан бошлаб, саломатлиги билан боғлиқ барча маълумот, эмлаш ва даволанишлари киритиб борилади. Беморни даволовчи шифокорда ушбу базага кириш, қўшимча маълумот жойлаштириш имконияти мавжуд бўлади.
Ушбу тизимнинг олдинги, қоғозда ёзиладиган амбулатор картасига нисбатан устунлик томонлари кўп:
- инсон омили билан боғлиқ хатоларга йўл қўйилмайди, масалан: карта йўқолиши, маълумотлар тўлиқ ёки умуман ёзилмаслиги
- муолажа тайинлашда беморнинг бутун касаллик тарихи, илгари олган муолажалари билан танишиш имконияти тезлашади
Вазир сўзларига кўра, “Ақлли тиббиёт” тизими — шифокорга замонавий ахборот технологиялари ёрдамида бемор билан алоқа ўрнатиш ва масофадан туриб даволаш имконини беради.
Бемор танасига ўрнатилган махсус датчик ва чиплар орқали шифокор қаерда бўлишидан қатъи назар, пациент саломатлиги ҳақидаги муҳим маълумотлардан хабардор бўлишини таъминлайди.
Мисол учун, ҳаётий кўрсаткичлар — тана ҳарорати, қондаги қанд миқдори, артериал қон босими ҳақидаги ахборот шифокорга келиб туради. Бу сурункали ва яширин кечувчи касалликлар профилактикасида, уларни аниқлаш, беморнинг саломатлиги ҳолатини мониторинг қилиш ва даво чораларини тайинлашда муҳимдир.
Ҳозирда “Ақлли тиббиёт”нинг илк хизмат турлари мамлакатимизда жорий этила бошланди. Хусусан, “электрон навбат”, “беморнинг электрон карточкаси”, “электрон рўйхатга олиш”, “электрон рецепт” тизими ва “электрон дорихона”, “электрон ордер” каби хизмат ва сервислар яратилмоқда. Телемедицина, мобиль медицина (мобиль хизматлар, m-Health), электрон таълим ривожлантириш жадал олиб борилмоқда.
Хабарда айтилишига кўра, ушбу “Ақлли тиббиёт” тизимлар йирик лойиҳа бўлиб, уни амалга ошириш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бир қаторда Молия, Инновацион ривожланиш, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш ва Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамкорликда олиб борилмоқда.