Келажакда барча рухсатнома ва лицензиялар электрон тизим орқали берилади

Президент томонидан ушбу ҳақида Адлия ва Ахборот технологиялари вазирликлари ҳамда бошқа тегишли идораларга керакли кўрсатмалар берилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 апр – Sputnik. Шавкат Мирзиёев 4 апрель куни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш борасидаги ишларни таҳлил қилиш ва энг муҳим вазифаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиш ўтказди, деб хабар қилмоқда “Жаҳон” ахборот агентлиги.

Йиғилишда Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа тегишли идораларга тадбиркорларга қулай бўлиши учун, турли лицензия ва рухсат бериш тартиб-қоидаларини кескин қисқартириш ва соддалаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

 

“Хусусан, барча рухсатнома ва лицензияларни электрон тизим орқали тақдим этиш имконини берадиган “Лицензия” ахборот комплексини тўлиқ ишга тушириш вазифаси қўйилди”, — дейилган хабарда.

Йиғилишда, шунингдек, давлат хизматлари бўйича электрон ахборот тизими ва электрон маълумотлар базасини яратиш, барча давлат хизматлари марказларини оптик толали интернетга улаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ахборот технологияларидан фойдаланиш малакасини ошириш, ҳужжатларни электрон тарзда тақдим этиш ва олишга ўргатиш бўйича топшириқлар берилди.

Энди боғчаларга тезкор давлат хизматлари орқали бепул жойлаш мумкин

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. 2018 йил 1 январдан “ягона дарча” марказлари Халқ қабулхоналари ҳузуридаги Давлат хизматлари марказларига айлантирилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда 201 та ана шундай марказлар ташкил этилган эди.

Улар томонидан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича ариза бериш, фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, лойиҳа ҳужжатларини келишиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсат бериш, якка тартибда уй-жой қуришга рухсат бериш, сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсат бериш каби хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилган.