Ўзбекистон делегацияси Хитойда "ақлли шаҳар" барпо этиш технологиялари билан танишди

Huawei компанияси ва "Тараққиёт стратегияси" маркази ўртасида Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида халқаро ҳамкорлик меморандуми имзоланади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 апр – Sputnik. Ўзбекистон делегацияси Шанхай ва Шеньчжэнь шаҳарларида бўлиб, у ерда муваффақиятли жорий этилган инновацион технологиялар билан танишди. Ташриф доирасида хавфсизлик, шаҳарсозлик ва ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, замонавий ахборот технологиялари, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича амалий учрашувлар ўтказилди.

"Жаҳон" ААнинг хабар беришича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Ички ишлар вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси аъзолари Шеньчжэнь шаҳрида "Хавфсиз шаҳар" лойиҳаси асосида йўлга қўйилган полиция қўмондонлик марказларининг иш фаолиятини яқиндан ўрганди.

IBM экспертлари Ўзбекистонда "ақлли шаҳар" тизимини жорий этишда ёрдам беради

Бундан ташқари, Huawei компанияси лабораторияларида ҳам бўлиб, "Ақлли шаҳар" концепцияси асосида шаҳарсозлик ва ободонлаштириш, уй-жой хўжалиги соҳаларида татбиқ этилган инновацион ечимлар ва технологиялар билан танишди.

Хабарда айтилишича, ташриф якунига кўра, Huawei компанияси ва "Тараққиёт стратегияси" маркази ўртасида Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида халқаро ҳамкорлик меморандуми имзоланади.

Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида ҳудудларда замонавий ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ташкил этиш бўйича "Ақлли шаҳар", "Ақлли маҳалла", "Ақлли тиббиёт" ҳамда "Ақлли ҳокимият" тизимларини жорий этиш назарда тутилган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор инновацион технологиялардан унумли фойдаланиш каби вазифалар белгиланган.