Энди боғчаларга тезкор давлат хизматлари орқали бепул жойлаш мумкин

Йўлланма олиш учун ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар Давлат хизматлари марказларига ўзлари шахсан келиб мурожаат қилишлари ёки электрон тарзда давлат хизматлари олиш Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатга олинишлари белгиланган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. Боғчага фарзандни жойлаштириш хизматлари Давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилади, деб хабар берилди Мактабгача таълим вазирлигининг Фейсбукдаги саҳифасида.

Президент боғча мудирасига автомобиль совға қилди
"Жорий йилнинг 28 март куни Вазирлар Маҳкамасининг "Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиклаш тўғрисидаги" қарори қабул қилинди", — дейилади хабарда.

Қарорга кўра 2018 йил 1 апрелдан бошлаб, Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари олиш учун жисмоний шахслар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар.

Йўлланмани олиш тартиби этиб, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар йўлланмалар олиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келган ҳолда мурожаат қиладилар ёки электрон тарзда давлат хизматлари олиш Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатга олиниши белгиланган.

Ўзбекистонда боғча тарбиячилари ОТМларда бепул қайта тайёргарликдан ўтмоқда
Мазкур қарорга мувофиқ, болаларнинг қуйидаги контингенти анкеталари имтиёзли рўйхатга киритилади: ногирон бўлган шахсларнинг болалари; уч нафар ёки ундан кўп болалари бўлган оилаларнинг болалари; ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болалари; талабалар ва педагогларнинг болалари; етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар; бошқа муассасаларда ўтказилган болалар; акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар.

Йўлланмалар муассасаларда ўринлар бўшаган куни навбатга мувофик расмийлаштирилади. Бунда имтиёзли рўйхатга киритилганлар бўйича йўлланмалар умумий рўйхатга киритилганларга нисбатан биринчи навбатда расмийлаштирилади.

Болаларни муассасага қабул қилиш бўйича йўлланмалар келиб тушган ёки тақдим этилган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида, белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

Қарорда қайд этилганидек, болаларни муассасага қабул қилиш бўйича давлат хизмати бепул амалга оширилиши бегиланган.