ТОШКЕНТ, 2 апр — Sputnik. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, "Скрипаль иши" туфайли Ғарб билан бўлаётган дипломатик урушларга изоҳ берар экан, улар қай даражада чуқур тус олиши Москвага боғлиқ эмаслигини таъкидлади.
Лавровнинг сўзларига кўра, Ғарб ўйлаб топилган баҳоналар билан россиялик дипломатларни чиқариб юборди ва бу билан диалог учун имкониятни қисқартирди.
Манфаатли томонлар
Россия Ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари, "Скрипал ишида" кимнинг манфаати борлиги борасида ҳам тўхталган. Унинг сўзларига кўра, бу ўлдириш лицензияси билан ҳаракат қилиш имконияти билан машҳур британиялик махсус хизматлар ҳамда Brexit омадсизликларидан сайловчилар эътиборини чалғитиш мақсадида бўлган ҳукумат учун кони фойда бўлиши мумкин.
Вазир "Скрипаль иши" бўйича экспертлар қаторида кўплаб давлат раҳбарлари томонидан берилаётган бир қатор саволлар борлигини таъкидлади. "Британиялик ҳамкасблар ўйинни чуқурлаштириб юборди ва энди улар жавобдан қочиб кетолмайди", — деди Лавров.
Россия ТИВ раҳбари Россия номига айбловлар сайловлар олдидан ва футбол бўйича жаҳон чемпионати арафасида пайдо бўлганига эъибор қаратди. Вазир навбатдаги бор Россиянинг ушбу жиноятни содир этишга ҳеч қандай асоси бўлмаганини қатъий таъкидлади.
"Бу инсон бир неча йил аввал Россия вакилларига алмашув доирасида авф этилган эди. Агар бу одамга қандайдир эътироз бўлганида, у алмаштирилмас эди", — деди Лавров.
Бундан ташқари, Россия ТИВ раҳбари Британия Россияни ҳеч қандай далилларсиз, кимёвий қуролни тақиқлаш бўйича конвенцияда назарда тутилган жараёнларни бажармай айбдор қилганини таъкидлаб ўтди.
Аммо Лавронинг таъкидига кўра, Лондон ушбу жараёнларни бажармай туриб, Россия номига айбловларни илгари сурди. Унинг сўзларига кўра, бу Британия учун "қонун ёзилмагани"ни исботлаб бермоқда.
Лавров Россия заҳарланиш бўйича барча тафсилотларни аниқлаштиришда қатъий туришини маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда Москванинг Скрипаллар бўйича Лондонга қилган барча мурожаатлари ёки рад этилмоқда ёки жавобсиз қолмоқда. Лавровга кўра, агар Британия бўлиб ўтиши кутилаётган КҚТТ Ижроия қўмитаси кенгашида "Скрипаль иши" бўйича Россиянинг саволларига жавоб бера олмаса, бу ҳодиса бошдан охиригача фитна бўлганлигини англатади.
"Скрипаль иши"
Британиянинг Солсбери шаҳарчасида 4 март куни британиялик жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия заҳарланган эди. Британия томон Скрипалларнинг А234 моддаси билан заҳарланишида Россиянинг алоқаси борлигини таъкидламоқда. Расмий Москва буни қатъий инкор этиб келмоқда.
Ўтган ҳафтада Европа иттифоқининг қатор мамлакатлари, шунингдек, АҚШ, Канада, Норвегия, Украина ва баъзи бошқа давлатлар Солсберидаги ҳодиса туфайли россиялик дипломатларни чиқариб юбориш қарорини қабул қилдилар. Москва худди шундай жавоб чораларини қўллади.