ТОШКЕНТ, 1 апр — Sputnik.Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрыкин Кемероводаги ёнғинда одамларни қутқарган фуқароларга мукофотларни топширди, деб хабар қилмоқда муассаса матбуот хизмати.
“Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрыкин Кемерового бўлган ташрифи давомида, фавқулодда вазиятда ўзини йўқотиб қўймаган, ҳаётини хавф остига қўйиб, ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатган фуқаролар билан учрашди”, — дейилган хабарда.
Мукофотлаш маросимида Бастрыкин, ушбу медаллар жанговар медаллар эканлигини ва улар инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда, ҳақиқий мардлик кўрсатган фуқароларга берилишини таъкидлади.
Мукофот олган фуқаролар орасида – иккинчи қаватдаги оёқ кийимлар дўкони ходими, тожикистонлик Фарзон Салимов, учинчи қаватдаги дўконлардан бирининг ходими Александр Калачёв, 17 ёшли курсант Дмитрий Полухин ва болалар ўйинхонаси аниматори Кристина Никитиналар бор.
Савдо марказидаги дўконлардан бирида ишлайдиган Тожикистонлик икки фуқаро Махмуд Хўжаев ва Фарзон Салимов, ёнғин чиққанидан сўнг 50дан ортиқ кишини қутқаришга ёрдам бергани ҳақида хабар берган эдик. Улар саросимага тушиб қолган одамларга савдо марказини тезрок тарк этиш йўлини очиб беришган ва ногиронларни зинадан олиб тушишда ёрдам беришган.
Эслатиб ўтамиз, 25 март куни Кемероводаги “Зимняя вишня” савдо марказида юз берган ёнғин туфайли 64 киши қурбон бўлган, жумладан 41 нафар болалар. Кейинчалик ўтказилган текширувлар бинодан ёнғин хавфсизлиги талаблари қўпол равишда бузилганлигини кўрсатган. Ушбу фожеадан сўнг Россянинг барча шаҳарларидаги савдо марказлари ёнғин хавфсизлиги нуқтаи назаридан қаттиқ назорат остига олинган эди.