Ўзбекистонга Беларуснинг янги элчиси тайинланди

Абдулазиз Камилов Леонид Маринич билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари, жумладан олий ва юқори даражаларда бўлажак Ўзбекистон-Беларус учрашувлари билан боғлиқ мавзуларни муҳокама қилди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Беларуснинг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Леонид Маринични қабул қилди.

Ўзбекистон ва Беларусь ҳамкорлик бўйича йўл харитасини имзолайди

Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Элчи ишонч ёрлиқлари нусхасини топширди.

Бўлиб ўтган суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари, жумладан олий ва юқори даражаларда бўлажак Ўзбекистон-Беларус учрашувлари билан боғлиқ мавзулар кўриб чиқилди.

Томонлар шунингдек, Минск шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси фаолият бошлашининг амалий жиҳатларини муҳокама қилди.

Аввалроқ Беларус президенти Александр Лукашенко Леонид Маринични элчи қилиб тайинлар экан, унинг асосий вазифаси мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш эканлигини билдирганди.

Президент Ўзбекистон раҳбариятига Шавкат Мирзиёев келганидан сўнг мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар фаол ривожланаётганини эътироф этганди.

Шу билан бирга Лукашенко яқин вақтларда Ўзбекистонга ташриф буюришини қайд этганди.