Президент Жиззах вилоятида амалга оширилаётган ишлар билан танишмоқда

Мирзиёев шаҳар ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган инновацион тизимлар, милиция ходимлари ўртасидаги мобил алоқа дастури билан танишди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 мар – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятида амалга оширилаётган ишлар билан танишмоқда. Президент Зарбдор туманида бўлганида иқтисодиёт тармоқларига хорижий инвестияларни жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

"Инвестиция манзилли, иқтисодий самарали бўлиши керак. Қайси туманда қандай салоҳият бор, қайси жойга қандай корхона кераклигига қараб, маблағ йўналтириш зарур. Вилоят ҳокимларининг инвестиция бўйича ўринбосарлари ойнинг 15 куни чет элда юриши, аниқ лойиҳаларга инвестициялар олиб келиши керак", — деди Шавкат Мирзиёев.

Менинг энг катта мақсадим одамларни иш билан, даромад билан таъминлаш - Мирзиёев

Бугун Ўзбекистон раҳбари шунингдек, Жиззах шаҳридаги 2-ички ишлар бўлинмасини бориб кўрди.

"Ҳуқуқ-тартибот идоралари одамларнинг осойишталигини, жиноят бўлмаслигини кафолатлаши керак. Бунинг учун юриш, ҳар бир ҳолатдан хабардор бўлиш зарур. Милиция маҳалла билан бирга ишласа, жиноятчилик бўлмайди", деди президент.

Мирзиёев шаҳар ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган инновацион тизимлар, милиция ходимлари ўртасидаги мобил алоқа дастури билан танишди.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, йўл-транспорт тизимини тартибга солиш, бу борада Жиззахда ҳам Тошкент шаҳри тажрибасини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Профилактика инспекторларини ахборот технологияларига ўқитиш, бу бўйича илмий-амалий қўлланма яратиш зарурлиги қайд этилди.

Давлат раҳбари мазкур бўлинмада "Заргарлик" маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва профилактика инспектори билан суҳбатлашди. Жамоат жойларига, биринчи навбатда, болалар боғчалари ва мактабларга кузатув камералари ўрнатиш бўйича топшириқ берди.