Равшан Эрматов ва унинг бригадаси ЖЧ-2018да ҳакамлик қилади

Ўзбекистонлик ФИФА рефериси, Осиёнинг беш карра энг яхши ҳаками Равшан Эрматов жаҳон чемпионатларида ҳакамлик қилиш бўйича дунё рекорди соҳиби ҳисобланади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 мар – Sputnik. ФИФА Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида ишлайдиган ҳакамлар рўйхатини эълон қилди. Улар сафидан ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов ҳам ўрин олган. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

Равшан Эрматов Россияда Конфедерациялар Кубоги ўйинларида ҳакамлик қилади

Россиядаги мундиалда Равшан Эрматовга ёрдамчилари Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидовлар ёрдам беришади.

ФИФАнинг Ҳакамлар қўмитаси эълон қилган рўйхатга жами 36 нафар бош ҳакам ва 63 нафар ён ҳакам киритилган.

Ўзбекистонлик ФИФА рефериси, Осиёнинг беш карра энг яхши ҳаками Равшан Эрматов жаҳон чемпионатларида ҳакамлик қилиш бўйича дунё рекорди соҳиби ҳисобланади. У 2010 ва 2014 йилги Жаҳон чемпионатларида жами 9та ўйинда бош ҳакамлик қилган. Эндиликда Россияда бўлиб ўтадиган учрашувларда ҳам Равшан Эрматов ҳакамлик қиладиган бўлса, унинг рекордини яқин орада ҳеч ким янгилай олмаслиги аниқ.

Равшан Эрматов "Буюк хизматлари учун" ва "Эл-юрт ҳурмати" орденлари ва "Ўзбекистон ифтихори" кўкрак нишони билан тақдирланган.