Мурат Йилдирим ўзбек меҳмондўстлиги ва Scorpion фильми ҳақида фикр билдирди

Туркиялик актёр Ўзбекистонга турмуш ўртоғи билан келган. Уларга Ўзбекистон, айниқса Бухоро жудаям ёқди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Туркиялик таниқли актёр Мурат Йилдирим Scorpion триллерида суратга тушмоқда, деб хабар берди Sputnik мухбири.

Йилдирим Ўзбекистонга турмуш ўртоғи, таниқли модель билан келган. Улар ўтган ҳафта давомида триллер суратга олинаётган Бухоро вилоятида бўлишди.

Актёр ниҳоятда банд бўлишига қарамасдан, турмуш ўртоғи билан Бухоронинг афсонавий осори атиқалари билан танишишга вақт топа олди.

"Биринчи навбатда менга қуёшли Ўзбекистон жудаям ёққанини айтмоқчиман, айниқса Бухородаги тарихий ёдгорликлар катта таассурот қолдирди", — деди актёр Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Муратнинг айтишича, у ўзбек халқининг меҳмондўстлиги билан жудаям яхши таниш, чунки Туркияда бир миллиондан ортиқ ўзбеклар истиқомат қилади.

Мухлиса Азизова "Чаён" триллери ва ижод йўли ҳақида

"Улар билан ишлайман, улар орасида дўстларим кўп. Лекин Ўзбекистонда "Осиё" телесериалини катта қизиқиш билан томоша қилишганини ва бу ерда мени ҳамма танишини билгач ҳайратда қолдим", — деди у.

Актёрнинг агенти ундан Scorpion фильмида суратга тушиш-тушмаслигини сўраганида, у ўйлаб ўтирмай рози бўлган. Март ойи бошида Мурат Йилдирим Истанбулда ёш кинематографистлар кенгаши раиси, триллер продюсери Ойбек Абдушукуров билан шартнома имзолаган.

"менга ижодий гуруҳ, ҳамкорлар ва албатта сценарий жудаям ёқди. Мухлиса билан бирпасда тил топишдик. Аслликни сақлаб қолиш мақсадида имкони борича камроқ дубллар қилишга ҳаракат қилдик", — деди Мурат Йилдирим.

"Scorpion" фильмида машҳур турк актёри суратга тушади

У шунингдек, Мухлиса Азизова суратга олиш гуруҳини моҳирона бошқариши, ёш режиссёр бўлишига қарамасдан ҳар бир деталга эътибор қаратишини эътироф этди.

"Унинг интилувчанлиги, мақсадга интилиши ва қатъияти мақтовга лойиқ. Ўзбек кинематографияси бундай истеъдодли режиссёрлар ва ўз ишининг усталари билан муваффақиятларга эришади", — деб ҳисоблайди у.

Scorpion триллери Мазкур фильм Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, "Ўзбеккино" Миллий агентлиги, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан суратга олинмоқда. Фильмни суратга олиш ишлари Тошкент ва Бухорода бўлиб ўтди, энди суратга олиш гуруҳи Россия ва Марокашга йўл олади.