ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Тошкентда март ойида Мухлиса Азизова режиссёрлигидаги "Чаён" (Scorpion) фильмини суратга олиш ишлари бошланди.
Ҳозирда барча кино ихлосмандлари ушбу йирик миқёсли лойиҳа нима ҳақида эканлигига қизиқишмоқда. Муаллифлар ҳозирча бу борада барча тафсилотларни ошкор қилишмаяпти, лекин режиссёр Sputnik мухбири билан суҳбатда айрим нарсаларни айтиб берди.
Мухлиса Азизова мамлакат кинематография тарихига ўз номини ёздиришга улгурди — ўтган йили у Ўзбекистон тарихида илк бор афсонавий Канн кинофестивалида ўз фильми билан қатнашди. Истеъдодли режиссёр "Евразия" кинофестивалида ҳам иштирок этган.
Дарвоқе, "Чаён" фильмини ҳам 71-Канн кинофестивали доирасида ташкил этиладиган Ўзбекистон павильонида тақдим этиш режалаштирилган.
Мухлиса Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтининг иккинчи курсида таҳсил олади. У оилада олтинчи, кенжа фарзанд.
Биз у билан "Чаён" триллери суратга олиниши бошланган Тошкентдаги ёшлар ижод саройида учрашдик.
Фильм Ўзбекистондан ташқари, Россия ва Марокашда ҳам суратга олинади. Лойиҳа Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, "Ўзбеккино" Миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий телерадиокомпания ва Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
- Фильмни суратга олиш ғояси қандай пайдо бўлди, у нима ҳақида?
- Биз ўтган йили "Евразия" халқаро кинофестивалидаги питчингда ушбу фильм билан қатнашгандик. Лойиҳа маъқул келди. Бунгача мен уни қатор мамлакатларда кўрсатгандим. Остонадан қайтар эканман, фильмни бу йил суратга олишимни аниқ билардим.
Мавзу бўлганида уни ўрганиш керак ва сюжет пайдо бўлади. Менга одамлар билан суҳбатлашиш қизиқ, улар ижоднинг туганмас манбаидир.
Мен ушбу фильм орқали биз кўпинча омадсизликларимиз, ҳаёт қийинчиликлари, хатоларимизда атрофимиздагиларни айблашимизни кўрсатмоқчиман. Мен инсон аввало ўзига бир боқиши керак деб ҳисоблайман. Одамлар ўз омадсизликларида айбни қийин ўтган болалиги, ота-онаси ва оиласига ағдаришади. Лекин аслида бундай эмас. Ҳар бир кишининг ўз ички кучи бор. Ва фильм ана шу куч қандай намоён бўлиши ҳақида ҳикоя қилади.
- Сюжети ҳақида гапириб бера оласизми?
- Жудаям қизиқ сюжетга эга, бироқ ҳозир уни батафсил айта олмайман. Фильм устида иш эндигина бошланди. Фильмда Раъно Шодиева, Фарҳод Маҳмудов ва бошқалар суратга тушишмоқда.
Фақат шуни айтишим мумкинки, сюжет асосида ака-укалар тарихи ётади ва фильмдаги барча воқеалар улар билан боғлиқ. Ака ролини Фарҳод Маҳмудов ижро этади, ука ролини ўйнаётган актёрни эса ҳозирча айта олмайман. Маркетинг кампанияси кетмоқда.
Укани ўйнаётган актёрнинг роли жуда мураккаб. У икки ойдан бери ўз устида ишламоқда, ташқи кўриниши ўзгарди, ҳарбийларимиз билан тайёргарлик ўтамоқда. Улар уни ҳақиқй шароитларда тайёрлашмоқда. Кундалик жисмоний машғулотлар таъсирини кўрсатди. Актёрнинг турмуш ўртоғи менга унинг ташқи кўриниши, ҳаттоки овози ҳам анча ўзгарганини айтди.
Фильмни суратга олишга Москвадан профессионал каскадёр ва пиротехниклар таклиф этилган. Тошкентдаги суратга олиш ишларини якунлагач, Бухорога трюкларни суратга олиш учун борамиз.
- Фильмда отишма ва портлашлар кўп бўладими?
— Фильмда отишмалар бўлади, машиналар портлатилади. Лекин у шундай саҳналар билан тўлиб-тошмаган. Ҳаммаси муҳитни ифода этиш учун бажарилади. Мен психологик триллер суратга оляпман. Гиёҳвандлик моддалари, терроризм ҳақида ҳеч қандай гап бормайди. Фильм кўпроқ одамларнинг кечинмалари ҳақида.
Кўпчилик мендан жангари фильм суратга оляпсизми, деб сўрайди. Ишонтириб айтаманки, бу аёл режиссёрнинг иши, у соф жангари ёки олишув фильми эмас.
- Сиз отишмалар саҳнаси бўлган "Геолог: ўлимдан ҳам кучли" фильмида иштирок этгансиз.
— Бу фильмда продюсер ва ғоя ҳаммуаллифи сифатида қатнашганман. Бу экшн унсурлари қўшилган биографик фильм. Ҳа, фильмда отишмалар бўлади, лекин у инсон тарихи ҳақида. Дмитрий Дюжев иштирок этган "У" қисқа метражли фильми ҳам шундай мавзуда.
- Дюжев билан ишлаш қандай кечди?
— Қойилмақом"! Тасаввур қилинг, у талаба қизнинг фильмида суратга тушиш учун Тошкентга келди. Аммо майдончада у профессионал актёрлигини бажарди ва гапларимга қулоқ солди. Бу мен учун жуда муҳим.
- Майдончада ҳамма ҳам гапингизга киравермайдими?
— Йўқ, гап бунда эмас. Муносабатда. Биринчидан, мен аёл кишиман. Иккинчидан, ёшман.
Ўзбекистонда аёл режиссёрлар деярли йўқ. Эсимда, Тошкентдаги тадбирлардан бирида бир режиссёр "Бундай фильмни аёл киши ололмайди!" деганида хафа бўлгандим.
Режиссёрлик негадир эркаклар касби деб ҳисобланилади, айниқса бизда. Лекин мен кимгадир ниманидир исботлаш учун эмас, бу каксбни севганим учун ишлаяпман.
Кино — менинг ҳаётим, ўзимни усиз тасаввур қилолмайман. Бутун бошли 24 соат вақтим кино билан ўтади. Ҳаттоки уйга келиб ҳам нималардир ҳақида бош қотираман, таҳлил қиламан, сўнгра ёзишга ўтираман ва ҳар куним шундай ўтади.
- "Чаён" фильмида Раъно Шодиева суратга тушмоқда. У сизнинг иккинчи фильмингизда суратга тушади, бундан ташқари, у сизнинг институтдаги ўқитувчингиз. Унга сценарийни ўқиш учун берганингизда нима деди?
— У мессенжер орқали бу жудаям зўр лойиҳа эканлиги ҳақида ёзди. У бутунлай янги амплуада роль ижро этади. У эксперт-профайлер ролини ўйнайди. Ақлли, одамларнинг юз ифодаси ва қўл ҳаракатлари орқали унинг рост ёки ёлғон гапираётганини аниқлайдиган юқори малакали мутахассис ролини ижро этади.
- Фильм қайси тилда суратга олинади?
— Фильм рус тилида суратга олинади, аммо майдончада ўзбек, рус, инглиз тиллари янгайди. Масалан, операторимиз Макс Тцуи Германиядан, лекин у билан инглиз тилида гаплашамиз. Лойиҳада шунингдек америкалик таниқли сценарийнавис Боб Андервуд қатнашмоқда.
- Уни лойиҳага қандай қилиб жалб этдингиз?
— Менда фильм ғояси икки йил аввал пайдо бўлганди. Ўшанда Берлиндаги питчингда қатнашаётиб бу ғоя ҳақида сўзлаб бергандим. Сўнгра Боб билан Каннда учрашдик. У Ўзбекистонга келишга, сценарий ёзишга рози бўлди.
У юртимиз ҳақида умуман тасаввурга эга бўлмагани боис бир чамадон сув фильтри билан келган экан. Юртимиз билан танишгач, барча хавотирлари йўқолди. Ҳозир Бобдан Ўзбекистон ҳақида сўрасангиз, кўплаб нарсаларни айтиб беради. Унга айниқса Чорвоқ жудаям ёқди, фильм сценарийсини мана шу мўъжаз масканда ёздик.
- Мухлиса, кино олишни болалигингиздан орзу қилганмисиз? Кино саноатига қандай кириб келгансиз?
— Бунинг тарихи узун, лекин қизиқарли. Кинони болалигимдан яхши кўраман, лекин китоб ўқиш ундан ҳам кўпроқ ёқади.
Болалигимда жуда кўп китоб ўқирдим, хаёл сурардим, китобдаги сюжетни хаёлан ижро этар, ўзим ҳам сюжетлар яратардим. Менда китобга меҳрни онам уйғотган, у китоб ўқишни севади. Лекин ота-онам кинога қарши бўлишган. Чунки у мураккаб ва оғир машғулот, ҳар бир ота-она эса фарзандининг хотиржам ва бахтли яшашини истайди.
Мактабни битириб Тошкентдаги тиббиёт коллежига ўқишга кирдим, ота-онам буни жудаям хоҳлашганди. Уларнинг айтганини қилиб амбулатория шифокорлигига ўқидим. Коллежни битиришим биланоқ фотографлик қилдим, сўнгра видеороликлар монтажи билан шуғулландим.
Мактабда ўқиб юрган пайтларимдаёқ суратга олишга қизиқардим. Онам менга фотоаппарат совға қилганди. Аммо мен табиатни эмас, одамларни суратга олардим. Онам суратда кимнингдир пешонаси ёки қисилган кўзларини кўриб даҳшатга тушарди. Лекин мен ҳиссиётларни ўрганардим. Ҳаммаси ана шундан бошланган. Шунинг учун менга инсон, унинг кечинмалари қизиқ.
Вақт ўтиши билан операторлар, кейинроқ Ойбек Абдушукуров билан танишдим. У билан жуда кўп ишлаганмиз. Хусусий студияларда клипларни монтаж қилганмиз. Газета ва журналларга фоторепортажлар ҳам тайёрлаганман. Шундай қилиб ҳаётимдаги асосий мақсадим — кино суратга олишга етиб келдим.
Ижодий фаолиятим янада қизиқарли бўлишига умид қиламан.