ТОШКЕНТ, 27 мар – Sputnik. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон ҳукуматининг олти нафар виждон тутқунини озод қилиш ҳақидаги қарорини олқишлайди, дейилади АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси эълон қилган баёнотда.
Баёнотда қайд этилишича, Ўзбекистонда 6 нафар маҳбус — журналист Ғайрат Михлибоев, инсон ҳуқуқлари фаоллари Йўлдош Расулов, Чўян Маматқулов, Қудрат Расулов ҳамда опа-сингил Меҳринисо ва Зулхумор Ҳамдамовалар озод этилган.
Баёнотда Қўшма Штатлар Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги масалаларни ҳал этиш ва маҳбусларни озод қилиш орқали фуқаролик жамиятини фаоллаштиришга қаратилган чораларини маъқуллаши билдирилган.
"Биз миллий ислоҳотлар дастури ва тараққиёт мақсадларини илгари суриш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролик жамияти ўртасида сермаҳсул алоқаларни йўлга қўйиш бўйича келгуси қадамларга чақирамиз", — дейилади баёнотда.