"Тошкент декларацияси" лойиҳаси экспертлар томонидан кўриб чиқилди

Якуний Тошкент декларацияси, 27 март куни анжуманда иштирок этадиган мамлакатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар делегациялари раҳбарлари диққатига тақдим этилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Бугун Тошкентда Ўзбекистон ва Афғонистон ташқи ишлар вазирлари ҳамда Тошкент анжуманида иштирок этадиган делегациялар экспертларининг тайёргарлик йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Афғонистонга бағишланган юқори даражали Тошкент анжумани

Ушбу йиғилишда, "Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик" — халқаро анжумани якунида имзоланиши кутилаётган — Тошкент декларацияси лойиҳаси кўриб чиқилди ва мувофиқлаштирилди. Якуний Тошкент декларацияси, 27 март куни анжуманда иштирок этадиган мамлакатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар делегациялари раҳбарлари диққатига тақдим этилади, дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 26-27 март кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент анжуманига БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш ва ташкилотнинг Афғонистон бўйича махсус вакили наталия Герман, ЕИнинг хорижий ишлар, сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Федерика Могерини, шунингдек Хитой, Россия, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Саудия Арабистони ва БАА ташқи ишлар вазирлари таклиф қилинган.