Содиқ Сафоев Афғонистон муаммосидаги асосий зиддият нималигини айтди

Сенатор Содиқ Сафоев Симпозиумлар саройида ўтказилган навбатдаги тадбирда Афғонистон масалалари бўйича халқаро анжуман нега айнан Тошкентда ўтказилаётгани ҳақида гапирди ва Афғон инқирозидаги асосий зиддият сабабини ошкор қилди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 мар — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Афғон муаммосидаги асосий зиддият шундан иборатки, у ерда қурол-аслаҳа, молиявий маблағлар ортиғи билан, аммо дипломатия ва сиёсат танқислиги сезилмоқда, деди 24 март куни Симпозиумлар саройида ташкил қилинган тадбирда Олий Мажлис сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.

Сенатор анжуман нима учун Тошкентда ўтказилаётгани ҳақида тўхталар экан, бунинг учта омили борлигини таъкидлаб ўтди.

Биринчи омил: Марказий Осиёда батамом янги сиёсий муҳит барпо этилиши

Сиёсатчининг фикрича, бу билан минтақавий дастурларни, шу жумладан, Афғонистон билан, Афғонистон можароси билан боғлиқ бўлган жараёнларни муштарак ёндашувлар асосида ҳал қилишга замин яратилди.

Иккинчи омил: Тошкентнинг халқаро жабҳадаги ўрни

"Буни эътироф этишимиз керак, охирги бир йил давомида Тошкентнинг халқаро жабҳада тутган ўрни батамом ўзгарди. Бу воқелик объектив ва буни тан олиш керак. Олиб борилаётган фаол минтақавий сиёсат натижасида Ўзбекистонни обрўйи, унинг тутган ўрни ва таъсири ортиб бормоқда", — деган фикрни билдирди Сафоев.

Афғонистонлик Асила: Ўзбекистонга келиб тинчлик нималигини ҳис этдим

Спикер, шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларига эътибор катталигига эътибор қаратди.

"Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72 Ассамблеясида президентимиз яна бир бор Афғонистон муаммосига халқаро ҳамжамият эътиборини жалб этди ва у ерда ва мана шу конференциянинг фалсафасини ифодаловчи концептуал фикрлар илгари сурилди. БМТ ташкилотининг юқори мартабали вакиллари билан учрашганимизда, улар шуни айтди-ки, агар Бош Ассамблеяда 200га яқин давлат раҳбарлари сўзга чиққан бўлса, атиги саноқлиси Афғонистон муаммоси ҳақида гапирган экан. Ваҳоланки бу дунё миқёсидаги глобал муаммо бўлиб турмоқда", — деб таъкидлади сиёсатчи.

Охирги, учинчи омил: дипломатия ва сиёсий ёндашув танқислиги

Сафоевнинг айтишича, узоқ йиллар давомида Афғонистон муаммосини ҳал қилишга қаратилган кўпгина ҳаракатлар бўлди. Икки томонлама, кўп томонлама конференциялар ўтказилди, у ерга катта маблағлар йўналтирилди.

Норов Афғонистон урушининг уч босқичи ҳақида

"Айтайлик, АҚШнинг ўзи 100 миллиард доллардан ортиқ техника ёрдамини кўрсатди, Европа Иттифоқи 7 миллиард доллардан ортиқ ёрдам берди, ҳарбий  нуқтаи назардан кўплаб маблағлар йўналтирилмоқда", — деди сиёсатчи.

Шу ўринда Афғонистон муаммосидаги асосий зиддият ҳақида фикр билдирар экан: "Менимча афғон муаммосидаги асосий зиддият шундан иборатки, у ерда қурол-аслаҳа, молиявий маблағлар бисёр, ортиғи билан, аммо дипломатия ва сиёсат танқислиги сезилмоқда", — деди Сафоев ва Ўзбекистонда, яъни Тошкентда ўтаётган анжуман айнан шу танқисликни — дипломатия ва сиёсий ёндашув танқислигини ечиши керак, дея қўшимча қилди.