Мирзиёев: чўп суқсанг, кўкарадиган еримиз бор, меҳнатсевар халқимиз бор. Лекин...

Томорқа масалаларида аҳолига кўмаклашиш мақсадида барча туманларда "Томорқа хизмати" корхоналари ташкил этилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 мар — Sputnik. Чўп суқсанг, кўкарадиган еримиз бор, меҳнатсевар халқимиз бор. Лекин томорқа ерларидан — шундай катта резервдан фойдаланмаяпмиз. Шунинг учун бугундан бошлаб "Томорқага экин экиш" ойлигини эълон қилиб, ҳар бир томорқага экин экишни ташкил этиш керак. Агар ҳозир экмасак, кейин кеч бўлади, деди Шавкат Мирзиёев. Президент матбуот-хизмати хабар асосида.

Томорқага экин экмайдиган ўзбекистонликлар солиқни кўпроқ тўлайди
Ўзбекистон президенти бу гапларни 23 март куни ўтказилган қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлигига бағишланган видеоселектор йиғилишда айтди.

Мирзиёев йиғилишда томорқалардан самарали фойдаланиш масаласига алоҳида тўхталди.

Аҳоли ва деҳқон хўжаликларига тегишли унумдор томорқа ерларидан фойдаланиш мутлақо талабга жавоб бермаслиги танқид қилинди. Аксарият аҳолининг 8-10 сотих томорқа ери бўлса-да, ҳеч нарса экмаган.

Давлат раҳбари кичик томорқадан мўл ҳосил олиб, оиласини боқаётган, катта даромад топаётган меҳнатсевар одамларни ўрнак қилиб кўрсатди.

Бу борада аҳолига кўмаклашиш мақсадида барча туманларда "Томорқа хизмати" корхоналарини ташкил этиш, улар орқали томорқалар учун кўчат, минерал ўғит, кимёвий препаратлар етказиб бериш, механизация ва бошқа сервис хизматлари кўрсатиш бўйича тизим яратиш юзасидан топшириқ берилди. Шу хизматлар етиштирилган ҳосилни харид қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилиш билан ҳам шуғулланади.

Мирзиёев деҳқон билан суҳбатда бой бўлиш сирини айтди

Йиғилишда мева-сабзавот, картошка, узум ва полиз маҳсулотлари етиштириш билан боғлиқ ишлар ҳам муҳокама қилинди. Жорий йилда 2017 йилга нисбатан 24 фоиз кўп маҳсулот етиштириш режалаштирилгани қайд этилди. Ушбу режадаги мева-сабзавотларни сифатли етиштириш, халқ истеъмоли учун ғамлаш, белгиланган қисмини экспорт қилишни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди. 

"Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш — катта масала. Бу эса қишлоқ хўжалигида юқори ҳосил олиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказишга боғлиқ", деди давлат раҳбари.

Йиғилишда ғалла ҳосилдорлигини ошириш, чигит экиш ишларини сифатли бажариш, мева-сабзавот, картошка, узум ва полиз маҳсулотлари етиштиришга оид масалалар муҳокама қилинди.