ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. 2018 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини ҳисоблаш тартибига қатор ўзгартиришлар киритилди, деб хабар қилди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси матбуот-хизмати.
Хусусан, қўмита хонадонларга солинадиган солиқ ҳажми қандай ҳолатларда ортиши ҳақида айтиб ўтган.
"Муҳим янгиликлардан бири, томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланмаётган жисмоний шахслар аниқланган тақдирда, улардан ушбу ер участкалари учун ер солиғи 3 баробар миқдоридаги ставкада ундирилади", — дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, бунинг учун маҳалла фаоллари хонадонма-хонадон юрилиб, томорқа ер участкасига эга бўлган хонадонлар ўрганилади ҳамда экин экилмаган ҳолат бўйича ҳар бир ер участкаси эгасига солиқни 3 баробар ставкада тўлаш лозимлиги тушунтирилади ва ёзма тўлов-хабарнома берилади.