Ўзбекистонда яна бир янги телеканал очилади

Телеканалнинг асосий мавзуси ахборот технологиялари, коммуникация ва инновациялар бўлади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 мар — Sputnik. Ўзбекистонда яна бир янги давлат телеканали пайдо бўлади, деб хабар берди Sputnik мухбири.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги янги телеканалда ишлаш учун бошловчи ва журналистликка кастинг эълон қилди. Ёши ва жинсидан қатъи назар барча хоҳловчилар кастингда ўзларини синаб кўришлари мумкин.

"Телеканалнинг асосий мавзуси ахборот технологиялари, коммуникация ва инновациялар бўлади", — дейилади вазирлик томонидан.

Ўзбекистон ва Қирғизистон телерадиокомпаниялари ўзаро ҳамкорлик қилади

Телеканалда ишлаш учун номзодлар рус, ўзбек ва инглиз тилларини билиши, матн ёза олиши, кадрда ишлаш учун ёқимли кўринишга эга бўлиши, нутқи равон, киришимли ва саводли бўлиши лозим.

Шунингдек, телеканалга телеоператорлар, монтаж усталари, 3D-графикачилари, ёритиш техникаси усталари, овоз режиссёрлари ҳам таклиф этилмоқда. Улар камида бир йиллик иш тажрибасига эга бўлишлари керак.

Янги канал Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Кейинги беш йил давомида Ўзбекистонда "Маҳалла", "Дунё бўйлаб", "Маданият ва маърифат", "Оилавий", "Диёр", "Кинотеатр", "Болажон", Uzreport TV каби ўнлаб янги телеканаллар очилди.