ТОШКЕНТ, 6 мар – Sputnik. Ўзбекистон ва Қирғизистон телекомпаниялари ахборот, ҳужжатли фильмлар ва икки мамлакат туристик салоҳияти ҳақидаги фильмларни намойиш этади. Бу ҳақда Қирғизистон жамоат телерадиокорпорацияси бош директори Илим Карипбеков маълум қилди.
Унинг ёзишича, ўтган ҳафтада Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Қирғизистон жамоат телерадиокорпорацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланган.
Шартномага мувофиқ, компаниялар ўзаро ахборот, ҳужжатли фильмлар алмашади, томонлар каналларида икки мамлакат туристик салоҳияти ҳақидаги кўрсатувлар намойиш этилади, Ўзбекистондаги қирғизлар, Қирғизистондаги ўзбеклар турмуш тарзи ҳақида кўрсатувлар тайёрланади.
Шунингдек, журналистлар ўртасида ўзаро тажриба алмашинилади, техник ҳамкорлик йўлга қўйилади.
"Ўзбекистонга бир йил ичида учинчи бор келишим. Мен авваллари фақатгина янгиликлар орқали билган мамлакат ва халқдан буткул ўзгача оламни кўрдим. Ҳарҳолда мамлакатларимиз ўртасида 15 йилдан ортиқроқ вақт давом этган мураккаб муносабатлар бизнинг бу давлат ҳақидаги ўй-тасаввурларимизга ҳам таъсир ўтказгани бор гап. Айниқса, ёш авлодга.
Икки телекомпания мана шу бўшлиқни тўлдиришга бел боғлади. Қирғизистон телеканалларида Ўзбекистон ҳақидаги роликлар намойиши аллақачон бошлаб юборилди. Ўзбекистон телерадиокомпанияси каналларида эса Иссиқ-Кўл, туристик марказларимиз, тоғларимиз ҳақида лавҳалар берилади", — деб ёзади у.
Унинг айтишича, келаси ойдан бошлаб Ўзбекистонга иккита суратга олиш гуруҳи ташриф буюради ҳамда ушбу мамлакат, бу ерда яшайдиган қирғизлар ҳақида махсус кўрсатувлар тайёрлайди.
Ҳозирда корпорация таркибида 4 телеканал ва 5 радио фаолият кўрсатади. Шунингдек, республика телерадиомаркази ва "Қирғизтелефильм" студияси ҳам корпорация таркибига киради.