Токиода Ўзбекистон савдо уйи очилади

UzTrade компанияси ва Япониянинг Meiko Corporations компанияси ушбу лойиҳа ҳамкорлари ҳисобланади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik. Токиода 2018 йил ўрталарида миллий маҳсулотлар мунтазам намойиш қилинувчи Ўзбекистон савдо уйи очилади, деб хабар берди Sputnik мухбири.

Ўзбекистон Япония, Корея Республикаси ва Сингапур учун визасиз режим жорий этади

Бу ҳақдаги келишувга Ўзбекистон делегациясининг Токиода бўлиб ўтган "Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларнинг янги трендлари" инвестицион форуми давомида эришилди.

UzTrade компанияси ва Япониянинг Meiko Corporations компанияси ушбу лойиҳа ҳамкорлари ҳисобланади. Улар ушбу мамлакатда ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотлари намуналарини намойиш этишни режалаштиришган.

Дастлабки босқич якунига етиши билан савдо уйига янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари синов тарзида етказиб берилиши бошланади.

Бугунги кунда Япония Ўзбекистон иқтисодиётидаги йирик инвесторлардан бири ҳисобланади. Республикага тақдим этилган сармоя миқдори 4,1 миллиард доллардан ошди.

Ўзбекистонда Япониянинг ўндан ортиқ компаниялари ваколатхоналари ва Isuzu, Itochu, Toyota Tsusho, Marubeni, Mitsubishi, JOGMEC каби компаниялар билан ташкил этилган қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда.