ТОШКЕНТ, 21 мар — Sputnik. Америкалик сенатор Жон Маккейн АҚШ президенти Дональд Трампни у Россия етакчиси Владимир Путинни ўтган дам олиш кунларида ўтказилган сайловларда эришган ғалабаси билан табриклагани учун танқид қилди.
"Америка президенти диктаторларни сохта сайловларда эришган ғалабаси билан табриклар экан, озод дунё етакчиси бўла олмайди", — деб баёнот қилган Маккейн.
Маккейннинг сўзларига кўра, Путинни табриклаб, Трамп бу билан "ўз мамлакати келажагини белгилаш учун эркин ва адолатли сайловларда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳар бир Россия фуқаросини ҳақоратлаган".
Ўтган якшанба куни ўтказилган сайловларда Россиянинг амалдаги раҳбари Владимир Путин сайловчиларнинг 76,69% овозини олишга муваффақ бўлди.
ШҲТ кузатувчилари сайловлар ошкоралик ва шаффофлик тамойили асосида ташкиллаштирилганини тан олган эди.
МДҲ давлатлари кузатувчилари миссияси ҳам МСК очиқ ва шаффоф фаолият олиб борганини, сайловларнинг ўзи эса эркин, қонуний ва рақобатбардош ўтказилгани ҳақида таъкидладилар.
"Маккейннинг қўшиғи"
Америкашунос, тарих фанлари номзоди Арег Галстяннинг фикрига кўра, Маккейн Трампни у ўзини америка сиёсий доираларида кутилганидек сингари тутмагани учун танқид қилмоқда.
Сиёсатшунос, эртами-кечми барибир ҳамманинг табриклашига тўғри келишини, чунки расмий мактублар — бу шаклланиб бўлган анъана эканлигини қўшимча қилди.
"Аммо Маккейн ва (сенатор Марко. — таҳр.) Рубио Трамп санкцияларни имзолашига қарамай, уни ҳамиша танқид қилишади, унга Россияга нисбатан анча юмшоқлигини айтишади. Трамп нимаики қилмасин, уларнинг бу ашуласи жаранг топаверади", — деди Галстян Sputnik радиоси эфирида.
Экспертга кўра, ўзаро низоларни кучайтиришга берилиб кетган сиёсатшуносларга тинчлик ва фаровонликдан ҳеч қандай манфаат йўқ, чунки улар фитналар ва ҳарбий можароларни юзага келтириш орқали даромад қиладилар.
Галстяннинг фикрича, икки давлат раҳбари ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқоти давомида тилга олинган мавзулар Москва ва Вашингтон иштирокисиз битмайдиган халқаро масалаларда иккиёқлама мулоқот зарурлигини намоён этмоқда.
Президентлар мулоқоти
Куни кеча Россия ва АҚШ раҳбарлари ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди, суҳбат давомида АҚШ президенти ўз ҳамкасбини президент сайловларидаги ғалабаси билан табриклади.
Мулоқот Трамп ташаббуси билан ўтказилди. Давлат раҳбарлари жаҳон сиёсатининг энг долзарб, хусусан стратегик фаровонлик ва терроризмга қарши кураш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, қурол ишлаб чиқариш бўйича пойгани чеклашда иккиёқлама мувофиқлаштирилган ишларни олиб бориш лозимлигини таъкидладилар.
Трамп ва Путин Сурия ва Украинадаги вазиятни тезроқ барқарорлаштириш, шунингдек, Корея ярим ороли атрофида зиддиятнинг пасайганлигини ижобий баҳоладилар.
Бундан ташқари, томонлар, АҚШ Давлат департаменти раҳбариятида яқинда юз берган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда иккиёқлама алоқаларни ривожлантиришга келишиб олдилар.
Ушбу суҳбатдан кейин Америка етакчиси Путин билан жуда самарали ва яхши суҳбат ўтказганини қайд этган.
Бундан ташқари, Трамп яқин орада Путин билан учрашиши мумкинлигини айтган. У қурол ишлаб чиқариш бўйича пойга билан боғлиқ вазият назоратдан чиқаётганини айтган, ва айнан шу масалани Путин билан шахсан муҳокама қилишни режалаштирмоқда.