Наврўзга беш тонналик сумалак тайёрланмоқда

Энг катта сумалак пишириш учун - 2200 кг ун, 1 тонна буғдой, 250 кг ўсимлик мойи 5200 литр буғдой шираси ва 4400 литр сув керак бўлди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 мар — Sputnik. Ўзбекистонлик ошпаз Баҳриддин Чустий Наманганда беш тонналик сумалак пиширишни бошлади, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.

Чустий ўз жамоаси билан бу сафар энг катта сумалак таоми пиширишга қарор қилган. Рекорд сумалак 21 март куни тайёр бўлади. Ошпаз айтишига қараганда, ушбу сумалак аслида рекорд учун тайёрланаётгани йўқ.  

“Сумалак миқдори – бу оддий сонлар, рекорд – бу кўнгилочар дастурнинг бир қисми. Менинг мақсадим эса- ўзбек миллий таомларини мақташ, уларни дунёга танитиш ва албатта келганларга байрам тақдим этиш”, — деди Баҳриддин Нажмиддинов (Чустий).   

Бугунг 20 март куни эрта тонгда, бутун Наманган 20дан ортиқ ошпазга куч-қувват ва сабр-тоқат тилаш учун жамланди.

Сумалак - баҳорнинг тансиқ таоми

Энг катта сумалак пишириш учун, Олмалиқда тайёрланган махсус қозонга 2 тонна биринчи навли ва 200 кг олий навли ун, 1 тонна буғдой, 250 кг ўсимлик мойи 5200 литр буғдой шираси ва 4400 литр сув солинади.

Тансиқ таом Наврўз куни байрамга келган барчага тарқатилади. Шунингдек, сумалакни болалар уйлари ва интернатларга ҳам тарқатиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Чустий Тошкентда 7360 килограммли ош пишириб Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган эди.