"Пулинг йўқ бозорда нима қиласан": наҳотки пулга чақилмайдиган ҳеч нима қолмади!?

Ўзимиз билибми, билмайми, АҚШда бўладигандек, ҳамма нарсани пулга чақа бошладик. Бир ҳақиқатни унутмайлик: АҚШ давлатининг асоси шу - долларга қурилган. Бизнинг жамият эса пулга, моддий манфаатларга эмас, меҳр-оқибат асосига тикланган
Sputnik

Албатта, ҳар қандай шароитда ҳам инсон ўлими фожиа… Ҳаётнинг бевақт узилиши эса ўн карра фожиа…

Самарқанд вилоятида ўқитувчининг ҳашарга чиққан вақтда фожиали ҳалок бўлиши ҳаммамизнинг ҳам қалбимизни ларзага солди. Бечора ёш аёлга ачиндик. Ҳеч ким бу ёшда ўлиб кетишни истамайди, ҳамманинг ҳаёти ҳам ҳаёт… Кимникидир қадрли, кимникидир қадрсиз эмас…

Бироқ… Айримларнинг ушбу ҳолатдан фойдаланишга уриниши, бу билан жамиятдаги азалий қадриятларга қарши чиқиши, миллатни бирлаштириб турувчи удумлардан бирини қоралаши тушунарсиз. Нафақат тушунарсиз, балки ғайриахлоқий ҳолат.

Ватан ва ватанпарварлар ҳақида
Ҳаммамиз биламиз, тушунамиз, англаймиз — кишилик жамиятида, айниқса шарқ кишилари ҳаётида ҳашарсиз ҳеч нима қилиб бўлмайди. Ҳашар нафақат жамоа бўлиб, кўпчилик учун зарур бўлган ишни бажариш, балки халқнинг бирдамлиги, ўртадаги меҳр-оқибат ришталари ҳамдир.

Биламиз, давлатларнинг пайдо бўлиш тарихи ҳақида гап кетганда биринчи сабаб сифатида ҳашар назарда тутилади. Энг қадимий давлатлар, шунингдек, миллатлар суғориш тизимлари мавжуд, аниқроғи, суғориш тизимларига эҳтиёж туғилган ерларда пайдо бўлган.

Яъни одамлар бирлашиб, суғориш тизимларини яратишлари ва улардан фойдаланиш жараёнида ўзаро бирлашишган, олдин элатга, сўнг миллатга айланган, бу орада давлат ҳам пайдо бўлган. Булар ҳашар орқали бўлган-да. Ахир у даврларда пул йўқ эди.

Кўринадики, ҳашар давлатнинг пайдо бўлишида асосий восита. У ҳозир ҳам жамиятни тутиб турган устунлардан.

Бугун уни мажбурий меҳнат, деб талқин қилувчилар кўпайди. Ўзимиз билибми, билмайми, АҚШда бўладигандек, ҳамма нарсани пулга чақа бошладик. Бир ҳақиқатни унутмайлик: АҚШ давлатининг асоси шу — долларга қурилган. Бизнинг жамият эса пулга, моддий манфаатларга эмас, меҳр-оқибат асосига тикланган. АҚШга қараб тўн бичмайлик, кўйлак-иштонсиз (яланғоч) қолишимиз мумкин. Чунки, банкнотларимизни четга номинал қийматда сотолмаймиз, АҚШникидек улкан армиямиз ҳам йўқ… Пул ишлайман, деб асосий ришталаримиздан ҳам айрилиб қолмайлик. Шерозий айтгандай: "Пулинг йўқ, бозорда нима қиласан? Қўрқаман, саллангни бериб қайтасан".

Кўча-кўйни супуриш, атрофни озода сақлаш мажбурий меҳнатга кирса, авваламбор келинлар қайноналарини судга беришлари лозим. Ахир улар ҳар тонг кўчаларни супуришга мажбурланади…

Қолаверса, дафн маросимларига нега текинга борилади? (тўйлар, майли, у ерда овқат берилади) Ахир унда текинга иштирок этамиз-ку.

Қишлоқларда юмушларнинг катта қисми ҳашар билан ҳал бўлади. У кишилар орасидаги бирдамликни, меҳр-оқибатни кучайтиради.

Халқ таълими вазирлиги: ҳашар - меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди
Шаҳарда бундай муаммо йўқ, лекин қишлоқларда, ҳашар мажбурий меҳнат бўлса, ариқларни ким қазийди? Кўчаларни ким супуради? Тўй-маъракаларга тайёргарлик, пахса уриш, тош териш, ер ағдариш, том суваш, ариқ қазиш, кўчат ўтқазиш, қабристонлар, кўчалар четини тозалаш… Буларни ким қилади? Ариқ қазувчи, кўча супурувчи, деган лавозимлар ҳеч бир қишлоқда йўқ. Ҳамма "пул берсанг қиламан", деб ётаверса, пулни ким беради? (Ҳашарни мажбурий меҳнат десак, ҳақ тўланмайдиган ҳар қандай жамоат ишиниям шундай атайлик).

Унда нима, ўз ахлатимизга ўзимиз аралашиб ётайликми? Бойлар қўшнисини пулга ёллаб, ишлатсинми? Камбағаллар-чи? Ёки ҳар бир қишлоққа эллик-қирқтадан шунақа ишлар билан шуғулланувчи лавозимлар киритилсинми? Унда ё бюджет ўзини ўзи кўтаролмай қолади ёки солиқларни сезиларли даражада оширишга тўғри келади. Хўш, бу кимга ёқади?!

Инсоният тарихидан биламиз, ўзи ва атрофини озода сақламагани учун миллионлаб инсонлар турли юқумли касаллик, ўлатлардан қирилиб кетган. Ўша, ўтмиш хулосалари бизнинг миллатга озодалик бобида уюшқоқ бўлишни талаб этган. Биз, тўрт кун интернетда ўтириб, ўзимизни доно ва ақлли санаб қолган авлод, ота-боболаримизнинг минглаб йиллик қадриятлари замирида нима ётишини тушуниб етмаяпмиз. Билганимиз, текинга ишлаш мумкин эмас!

Кўзимизни Ғарбнинг турмуш тарзи кўр қилиб қўймоқда! Ғарбнинг индивидуализми ва эгоизми, ёлғиз яшаш, ўзгани тан олмаслик тамойили, жамоани менсимаслик ғоялари бизга эмас…

Ҳашарни мажбурий меҳнат сифатида талқин қилиб, одамларни ундан бездиришга уринаётганлар тушуниб етишлари лозим, ҳашар миллатимизни бирлаштириб турган ришта, минг йиллар давомида шаклланган қадрият. Бу одат бизга келиб, якунига етмаслиги лозим, акс ҳолда кейинги авлодлар ўз шатмоғига ботиб, бирор бир юқумли касалликдан қирилиб, битиши ёки ўз уйига-да сув олиб келишга эринган танбалга — тирик мурдага айланиши мумкин.

Кўплар вафот этган ўқитувчининг оила аъзолари қанча пул олиши билан қизиқмоқда, фаол муҳокамага киришган.

Ҳа, ғарб дунёқараши ҳаётимизга шунчалар кенг ва чуқур кириб келибдики, бир бечоранинг қабри совимасдан, оиласига тегиши мумкин пулни муҳокама қиламиз! Ҳолбуки, ўзбекларда ҳеч қачон инсоннинг қадри пул билан ўлчанмаган. Бу инсонга нисбатан ҳақорат саналган.

Аслида бу марҳумнинг яқинлари ва ҳукумат ўртасидаги масала. Ҳар ҳолда, давлат қаровчисини йўқотганларни (марҳум қандай шароитда вафот этишидан қатъий назар) ҳеч қачон ташлаб қўймайди. Лекин бизнинг америкаликларга ўхшаб, ҳар нарсани дарров пулга чақиб, нархини чиқара бошлашимиз ғалати.

Яна бир ғалати ҳолат — айримлар каминанинг ҳашардек, минг йиллик қадриятимизни оқлаб ёзган фикрларини қаттиқ танқид остига олади, ҳатто, "буюртма эвазига, ҳақ олиб ёзилган мақола", дейишгача ҳам борди (ўз давлати, ўз ҳукумати ҳақида бу даражада паст фикрда бўлишни тушуниш оғир! наҳотки энди миллат қадриятини улуғлаш ҳам пулга чақилса?). Ҳашарни бу ҳукумат ўйлаб топган эмас… Ўзбек хонликлари замонида, ундан ҳам бурун ҳам бор эди… Ҳатто, собиқ совет ҳукумати ҳам бундан кенг фойдаланган "шанбалик" деган сўз ўшандан кейин чиққан, ахир (ҳеч бўлмаса, Лениннинг Кремлдаги ҳашар чоғида кунда кўтариб кетаётган суратини, Катта Фарғона каналини эсланг).

Шундай экан, халқнинг азалий қадрияти — ҳашарни оқлаш учун кимдандир нимадир тама қилиш шарт эмас ва бу пасткашлик бўлар эди. Тушунмайман, қачон миллатнинг қадриятларини улуғлаш тамагирликка айлаб улгурди?

Бироқ, мен уларнинг олдида ўзимни оқламоқчи ҳам эмасман, биламизки, жамиятда норозилар тоифаси ҳар доим бўлади.

Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев Диана Еникеева билан боғлиқ ҳодисага изоҳ берди
Улар ҳар қандай ҳолатда ҳам нолийверади, ҳеч қачон шукур қилмайди. Бу тоифа ҳатто давлат тепасига келса ҳам тинчимайди. Биламиз-ку, ўтган асрнинг бошида большевиклар ҳукуматни ёмонлаб, 17-йилда ҳукумат тепасига келди. Кейинчалик Сталин давлат тўнтаришини амалга оширган барча сафдошларини битта қўймай қирдириб юборди. Чунки у биларди, бу норози тоифадан яхшилик чиқмайди, ҳатто энг яқининг, маслакдошинг бўлган тақдирда ҳам.

Шундай экан, гап бечора ўқитувчининг фожиали ўлимида ҳам эмас, шунчаки, бу хабар омма эътиборига етказилди, холос. Норози кайфиятдагилар эса буни байроқ қилиб, чопиб кетди. Демак, уларда норозиликларини ифода қилиш учун бошқа далил, фикрнинг ўзи йўқ.

Бўлмаса, айтишларича, йилига ўрта ҳисобда Ўзбекистон йўлларида 2,5 мингга яқин киши ҳалок бўлар экан. Уларнинг ҳеч бири кўчага машинанинг тагида қолиб кетиш учун чиқмаган. Улар ҳам кимнингдир топшириғи билан, нимадир қилиш учун, қандайдир мақсадни кўзлаб уйидан чиққан, уларнинг ҳам ўз мақсадлари, орзу-ўйлари, умидлари бўлган. Уларнинг ҳар бири учун соатлаб, кунлаб, ҳафталаб аза тутиш, йиғлаш мумкин… Нега уларнинг ҳар бирини муҳокама қилмаймиз?

Ҳолбуки, ҳар қандай инсоннинг ўлими ачинишга, раҳм қилишга, куйиб-ёнишга арзийди.