Наврўз: эзгулик ва садоқат байрами бутун дунёда қандай нишонланади?

Наврўз нафақат Марказий Осиё мамлакатлари, балки Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Озарбайжон сингари давлатларда ҳам кенг нишонланадиган байрамдир. 2018 йилги Наврўз тантаналарига Россия пойтахти Москва шаҳрида ҳам алоҳида тайёргарлик кўрилмоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Наврўз — нафақат ўзбек халқи, балки Осиё халқлари томонидан беш минг йилдан ортиқ вақтдан бери кенг нишонланиб келинадиган йилнинг энг асосий байрамларидан биридир. Наврўз бу — баҳор байрами, табиат янгиланиши айёми, янги йил, янги кун элчисидир. БМТ Бош ассамблеяси 21 март санасини Халқаро Наврўз куни деб белгилаган ва барча мамлакатларни ушбу қадимий байрамни бутун дунёда оммалаштиришга ҳисса қўшишга чақирган.

Баҳорнинг энг кутилган айёми Ўзбекистонда ва бошқа давлатларда қандай нишонланиши ҳақида маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ўзбекистон: она табиатни севиш ва инсонпарварлик байрами

21-март — Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти, шаҳарлари ва туманларида босқичма-босқич энг қизиқарли ва томошабоп байрам дастурларини ўз ичига олган халқ сайиллари ўтказилади. Сайлгоҳларда дошқозонларда паловлар дамланиб, сумалаклар қайнатилади. Дарбоз томошалари, карнайчилар чиқиши, фолклор чиқишлар, миллий куй-қўшиқлар ижроси шулар жумласидандир. Шу билан бир қаторда, ёрдамга муҳтож инсонлар, кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз кўмак бериш, жамиятда ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришга қаратилган савоб ишлар, хайрия тадбирлари ва оммавий ҳашарларни амалга ошириш сингари тадбирларга ҳам алоҳида эътибор берилади.

"Наврўз" боғида сайёҳлар ўзини худди ўзбек маҳалласида юргандек ҳис қилиши зарур-президент

Наврўз айёми арафасида хориждаги Ўзбекистон ваколатхоналарида ҳам ушбу айёмга бағишланган тадбирлар ўтказилади. Хусусан, 14 март куни Санкт-Петербургдаги Импорт ўрнини босувчи ва локализация марказида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти намойиш этилган тадбирдан сўнг, регионал "Ўзбегим", "Турон" ва "Ҳамдўстлик" диаспоралари ташкилотлари томонидан меҳмонларга сумалак, палов ва бошқа ўзбек миллий таомлари улашилди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари ўзбек миллий тароналари ва рақсларидан баҳраманд бўлдилар.

Қозоғистон: янгиланиш ва муҳаббат байрами

Наврўз қозоқларда — баҳорий янгиланиш, муҳаббат тараннуми, унумдорлик ва дўстлик байрами сифатида кенг нишонланади. Наврўз тантаналарини қай тарзда нишонлаш йил давомида олинадиган ҳосил ва шунингдек, омадга боғлиқ, дея ишонишади.

Наврўз байрамида Қозоғистонда турли байрам тадбирлари, ўйинлар ва от чоптириш мусобақалари ўтказилади. Наврўзни нишонлашда қозоқлар учун 7 санаси ўта муҳим саналади: ҳар бир фуқаро 7та хонадонни зиёрат қилиб, 7 та меҳмон чақириши муҳим шартлардан бири саналади.

Қирғизистон: қарз узилади, ҳаммаёқ тартибга келтирилади

Март ойини қирғизлар "Нооруз" деб аташади. Агар байрам куни чақалоқ дунёга келса, унга албатта, Наврўз дея исм қўйилади. Шунингдек, қор ёғиши ҳам яхши белгилардан саналади. Байрам арафасида одамлар ўз турар жойларини тартибга келтирадилар, қарзлари бўлса узадилар, ким билан аразда бўлсалар, ярашадилар.

Туркия: қўшнилар билан зиёфат

Турк урф-одатларига кўра Наврўз байрами арафасида одамларни яхши ният ва бахт, саломатлик ва узоқ умр, иш бошлашда барокат тимсоли бўлган нарсалар ўраб туриши керак. Турклар учун қадимдан бундай хосиятли нарсалар: шароб, ўстирилган арпа дони ёки пита-нонлар ва тангалар ҳисобланган.

Наврўз ЮНЕСКО номоддий бойликлари рўйхатига киритилди

Шунингдек, Наврўзнинг шартли атрибутларидан бири  — муқаддас олов бўлиб, унинг ўрнини бугунги кунда мушаклар ва махсус "олов пуркайдиган" аждаҳолар эгаллаган.

Туркияда Наврўз байрами кунлари фольклор коллективлар чиқишлари ташкиллаштирилади. Наврўз куни ҳамма бир-бирлариникига меҳмонга бориб, байрамни қўшнилар ва дўстлар билан биргаликда қарши оладилар. Анъаналарга кўра, 23 март куни тонгда туриб, тоза ва янги либосларни кийиб, қабристонни зиёрат қилиш керак. У ерда оила аъзолари чой ва қаҳва ичадилар, овқатланадилар ва суҳбатлашадилар. Нонуштадан кейин оила аъзолари бирин-кетин қабртошларни ўпиб, уйга қайтадилар.

Кун ярмида "ҳақ юлештирир" урф-одати амалга оширилади. Маросим вақтида аёллар барчага ёнғоқ улашадилар ва тадбир давомида дуо ўқийдилар. Кечга яқин қўшнилар ва қариндошлар тўпланишиб, биргаликда овқатланадилар. Бу тонггача давом этади.

Байрам куни ҳамма юзда табассум билан юради ва барча дилхираликлар кечирилади.

Туркманистон: бўрибосарлар жанги

Туркманларда мавжуд урф-одатларга кўра, агар Наврўз куни ёмғир ёки қор ёғса, демакки йил ҳам серҳосил бўлади.

Шунингдек, Наврўз куни кун совуқ бўлса, буғдой мўл бўлишига ишонишади.

Путинга туркман бўрибосар итини совға қилишди

Ёшлар баҳор байрамини очиқ ҳавода кимўзар ўйинлари билан нишонлайдилар. От чоптириш ўйинларининг биринчи мавсуми Наврўз байрами нишонланадиган кунларга белгиланади, шунингдек, бўрибосарлар ўртасида илк жанглар ҳам айнан шу кунларда бўлиб ўтади. Шунингдек, янги анъана жорий этилган, эндиликда Туркманистонда Наврўз байрами нишонланадиган кунда Аёл, Она куни нишонланади. Бу эса аёлнинг жамият ҳаётида тан олинганлигидан дарак беради.

Тожикистон

Тожикистонда меҳмонларни "Наврўз муборак бод!", "Наврузатон пируз бод" ("Наврўз байрами билан" дея қарши оладилар. Шу кунда дастурхонда номи "с" билан бошланувчи еттита егулик қўйилиши шарт.

Эрон: Наврўз 13 кун нишонланади

Қадимда Наврўз 13 кун давомида нишонланган. Байрамнинг охирги кунида одамлар далаларга чиқишган ва Янги йилни қарши олишган. Шу кунда далага чиқиб, табиатдан завқ олган одамга йил давомида омад ва бахт кулиб боқишига ишонишган.

Бу анъана Эронда сақланиб қолган. Бу ерда байрам 13 кун давомида нишонланади, шулардан 5 куни Наврўзни кутиб олиш ва яқин қариндошлар ҳамда дўстларни бориб кўришга ажратилади. Наврўз куни арафасида эронлик аёллар гулхан устидан сакрашади.

Байрам арафасида шаҳарларда қизил либосларга бурканиб олган актёрлар пайдо бўлади ва одамлар анъанага кўра, ўз юзларини қора бўёқ ёки куяга бўяб оладилар.

Озарбайжон

Озарбайжонда Наврўзга тайёргарлик ишлари бир ой олдин бошланади. Мамлакатда уч кун расмий байрам эълон қилиниб, дам олиш берилади.

Озарбайжонда ҳам гулхан ёқиб, унинг устидан етти марта сакраб ўтиш анъанаси мавжуд. Наврўзнинг илк кунида тонг саҳарда туриш керак. Одамлар, агар буни имкони бўлса, сув ҳавзасига борадилар, бет-қўлларини юқиб, бир-бирларига сув сепадилар. Сабаби, сув — покланиш рамзи саналади. Бу билан улар бир-бирларига фаровон ва бахтли Янги йил тилайдилар.

Сўнгра анъанага кўра, улар бир-бирларига ширинлик улашадилар. Шу куни эрталабдан ширинлик тановвул қилиш, сўнгра хушбўй тутунни ҳидлаш керак бўлади. Бу "ёвуз руҳлардан" тозаланганликни билдиради.

Дастурхон ҳам мўл қилиб безатилиб, "С" ҳарфидан бошланувчи еттита егулик қўйилади.

Афғонистон

Афғонистонда Янги йил — Наврўз — 21 март куни тунги бирдан нишонланади. 21 мартга ўтар кечаси тунги соат бирдан бошлаб ҳеч ким кўчага чиқмайди: кимдир уйни тарк этса, келаётган йилда оила аъзоларининг бири вафот этади, деган ақидага ишонишади. Кириб келаётган йил бахтли кечиши учун йиғлаш, асабийлашиш, жаҳл қилиш, болаларни жазолаш ман этилади.

Наврўз байрамига обдон тайёрларлик кўрилади: оиланинг барча аъзоларига янги либослар олиб берилади, уй саранжом-саришта қилинади, дўстлар ва танишлар учун совғалар танланади.

Шунингдек, номи форс алифбосидаги "син" ҳарфидан бошланувчи беш хилдаги мазали таомлар тайёрланади ва дўстлар ҳамда танишларга улашилади. Шунингдек, дастрхонга етти хил мевадан пиширилган компот қўйилади.

Наврўз кунларида Афғонистонда эркин кураш бўйича мусобақалар ўтказилади, тош отиш, от чоптириш бўйича беллашувлар бўлиб ўтади. Қизлар эса лола қизғалдоқ терадилар.

Ироқ Қурдистони

Қурдлар учун Наврўз байрами фақат янгиланиш ва миллий байрам бўлибгина қолмай, улар бу кунни афсоналарда ўз аксини топганидек — ўз заминларини аждар-подшоҳ Захок-Беварасл зулмидан озод этилиши билан боғлайдилар.

Қурдлар шашлик тайёрлашни хуш кўрадилар. Ва бу иш билан оила бошлиғи ёки унинг катта ўғиллари шуғулланади. Шунингдек, ширин паловлар тайёрлаш анъанаси ҳам кенг тарқалган. Буғдой қайнатилиб, асал қўшиб, махсус шринлик тайёрлайдилар.

Қурд аёллари йил серҳосил келиши ва само ўз марҳаматини аямаслиги учун бир-бирларига сув сепадилар.

Ҳиндистон

Ҳиндистон мусулмонлари Янги йилни 21 март куни нишонлайдилар. Агар европа янги йили ярим тунга тўғри келса, Наврўз кун чиққанида, лекин худди Янги йилни каби оила даврасида нишонлашади. Ҳиндистон шимолида яшайдиган аҳоли бу кунда чаккаларига гуллар тақсалар, жанубий қисмида махсус патнисга ширинликлар ва совғалар қўядилар. Шунингдек, бу кунда катта гулхан ёқиш анъанаси ҳам мавжуд — ҳиндуларнинг фикрига кўра, бу гулхан ўтаётган йилнинг барча омадсизликларини олиб кетар экан.

Москвада ҳам катта Наврўз байрами бўлади

2018 йилги Наврўз байрамини оиласидан олисда, хусусан, Россияда кутиб олаётган ўзбекистонликлар учун ажойиб хушхабар. Бу йил Россия пойтахти Москва шаҳридаги ВДНХ кўргазмалар залининг 75 павильонида Наврўз тантаналарини жуда дабдабали нишонлаш режалаштирилган. Тадбирга 37 мингга яқин меҳмонлар келиши кутилмоқда.

Москва шаҳри миллий сиёсат ва минтақалараро алоқалар департаменти раҳбари Виталий Сучковнинг айтишича, павильондаги катта зал 17 га бўлинган бўлиб, у ерда турли халқлар ўз Наврўз байрами дастурлари билан иштирок этадилар.

Москвадаги Наврўз тадбири миллатлараро ҳамжиҳатлик рамзларидан бири саналади.

Москвада Наврўз байрами ва Палов фестивали
Сучковнинг айтишича, байрам нафақат катталар, балки кичкинтойлар учун ҳам қизиқарли кечиши кутилмоқда: кўргазмада халқ ҳунармандчилиги маҳсулотларини харид қилиш, миллий таомларни татиб кўриш мумкин бўлади.

Шунингдек, спорт ишқибозлари курашчилар беллашувини, мода қизиқувчилари эса — турли миллатларнинг миллий либослари кўргазмаларини томоша қилишлари мумкин бўлади. Жажжи болакайлар учун махсус майдончада турли миллатларнинг сувенирларини ва қўғирчоқларини ясаш бўйича мастер-класслар ва танловлар ўтказилади.

Энг томошабоп ва мазали тадбирлардан бири эса Палов фестивали бўлиши кутилмоқда. Палов усталари энг яхши палов номинациясида ғолиб чиқиш учун ўзаро беллашадилар.

Палов меҳмонларга ҳам улашилиши кутилмоқда.

Московский общегородской праздник "Навруз"
 Айтганча, байрам 13.00да бошланиб, кеч 20.00гача давом этади.