Ўзбекистонда хорижлик футбол мутахассислари солиқлардан озод этилади

Ўзбекистон президентининг "Футболни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эълон қилинди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Ўзбекистонда хорижлик футбол мутахассислари жисмоний шахслар даромадига солинадиган солиқлардан озод этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг "Футболни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгилаб қўйилди.

Солиқ имтиёзлари 2023 йилнинг 1 январига қадар амал қилади. Хорижий мутахассислар Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси жамоат ташкилоти ва профессионал футбол клублари томонидан жалб қилинган бўлиши лозим.

Ўзбекистон терма жамоасининг хорижлик бўлажак бош мураббийи билан келишувга эришилди

Бундан ташқари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси талабномасига кўра хориждан жалб қилинадиган мутахассисларга кириш визаларини расмийлаштириш консуллик хизмати ва бошқа йиғимларсиз таъминланади.

Шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, "Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси" жамоат ташкилоти ва профессионал футбол клублари давлат мақсадли жамғармаларга мажбурий тўлов ва барча солиқ турларидан 2023 йилнинг 1 январигача озод этилди.

Қарорга мувофиқ, юридик шахсларнинг солиққа тортиладиган даромадларидан даромад солиғи суммаси Ассоциациянинг ҳудудий бўлимлари, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси ва профессионал футбол клубларига ҳомийлик ҳамда хайрия қилинганда ўн фоиздан ошмаган миқдорда камайтирилади.

Футболчи ва мутахассислар (мураббий, ҳакам, назоратчи), жумладан, хорижий мутахассисларга машғулот ҳамда ўқув-машғулот йиғинлари пайтда бериладиган овқат пуллари ҳамда мукофотлаш харажатлари жисмоний шахсларнинг даромадлари сифатида киритилмайди.