ИИВ академик лицейларига ўқишга кираётганлар 2 босқичда тиббий кўрикдан ўтказилади

Ўқувчилар тиббий кўрикдан икки босқичда, бирламчи ва якуний тиббий кўрикдан ўтказилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 мар — Sputnik. ИИВ академик лицейларига ўқишга кираётган ўқувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом давлат рўйхатидан ўтказилди, деб хабар қилди Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" канали.

МХХнинг айрим ваколатлари Ички ишлар ва Мудофаа вазирликларига ўтказилди

Низомга кўра, ИИВ академик лицейларига ўқишга кираётган ўқувчилар Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, вилоятлар ИИБ ва Тошкент шаҳар ИИББнинг тиббиёт бўлимларидаги ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади.

Ўқувчилар тиббий кўрикдан икки босқичда, бирламчи ва якуний тиббий кўрикдан ўтказилади:

бирламчи тиббий кўрикда ўқувчининг шикоятлари, соғлиғи ҳолати ҳақидаги амбулатор беморнинг тиббий картаси, ўқувчи ва унинг ота-онаси ҳақидаги асосий маълумотлар (касалликлари, жароҳатлари, ривожланиши, феъл ва хулқ-атвори) ўрганилади;

якуний тиббий кўрик ўқувчининг соғлиғида бирламчи тиббий кўрикдан кейинги ўзгаришларни аниқлаш мақсадида ўтказилади.

Ҳарбий-тиббий комиссиялар ўқувчининг саломатлиги тўғрисидаги барча зарур маълумотлар ва унинг жисмоний ривожланишини ҳисобга олган ҳолда ўқувчини ўқишга яроқли ёки яроқсизлиги тўғрисида қарор қабул қилади.