Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга моддий ёрдам берилади

Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни турар-жой билан таъминлашда бошланғич тўловлар қайтарилмаслик шарти билан тўлаб берилиши мумкин
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 мар – Sputnik. Адлия вазирлигининг Телеграм-каналида хабар қилинишича, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари қуйидаги манбалардан шаклланади:

Бухорода ижтимоий муҳтожларга уйлар топширилди

ҳар йили 300 млрд. сўмгача бўлган миқдорда ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамоат фондининг маблағлари Васийлик кенгашининг қарорига мувофиқ:

хотин-қизларни ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатишга;

хотин-қизларга оилавий ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ташкил этишда;

меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашда кўмаклашишга;

хотин-қизларга оилавий ва хусусий тадбиркорликни ташкил этишда имтиёзли кредитлар беришга;

оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш бўйича вазифаларнинг амалга оширилишини молиявий қўллаб-қувватлашга;

Шавкат Мирзиёев: Аёлларимизнинг бахти халқимиз, жамиятимиз бахтидир

ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оилани шакллантириш, унинг маънавий-ахлоқий негизлари ва анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мақсадли ишлар олиб борилишига кўмаклашишга;

оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарни турар-жой билан таъминлашда бошланғич бадалларини қайтарилмаслик шарти билан тўлаб беришга;

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва "Оила" марказининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва тизимда фаолият юритаётган ходимларни моддий қўллаб-қувватлашга;

Ижро этувчи дирекцияни сақлашга ишлатилиши мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Ўзбекистон президентининг 2018 йил 2 февралдаги фармони билан ташкил этилган эди.