ТОШКЕНТ, 16 мар — Sputnik. Яқинда Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳаётида муҳим воқеа содир бўлди: икки давлат чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари очилди.
Sputnik Тожикистон Сўғд вилоятининг Конибодом шаҳрида чегаралар очилганидан кейинги ҳолат ва маҳаллий аҳолининг бунга муносабати билан танишди.
Тожик ва ўзбеклар чегаралар очилишини қандай кутиб олишди
Тожик-ўзбек чегарасидаги участка 10 феврал куни очилди. Бу воқеа қўшни туманлар аҳолиси учун бутунлай кутилмаган ҳодиса бўлди.
Албатта ҳамма Тожикистон ва Ўзбекистоннинг ярашишига умид қилаётганди, лекин ҳеч ким бу ҳолат бунчалик тез амалга ошишини кутмаганди.
"Патар" — "Андархон" пунктининг очилгани ҳақидаги хабар яшин тезлигида тарқалди. Бир неча йилдан сўнг ва ниҳоят чегарадош туманлар аҳолисида қўшни давлат ҳудудига бир неча кунга визасиз бориш имконияти юзага келганди.
Назорат-ўтказиш пункти очилган дастлабки кунларда юзлаб тожик ва ўзбеклар чегаранинг ҳар икки томонида барча ишларини ташлаганча навбатга туришди ва пункт ишлаётганини ўз кўзлари билан кўришни хоҳлашди.
Узун навбатдан сўнг бахтли фуқаролар чегаранинг бу тарафига ўтишди, уларнинг кўз олдида бир хил манзара — бир-бирининг дийдорига талпинаётган одамлар намоён бўлди. Ўша куни узоқ йиллардан буён дийдор кўришмаган эркагу аёл қариндошлар бир-бирларини бағирларига босганча қувончдан йиғлашди.
Конибодомдаги муҳит
Конибодом мўъжазгина шаҳарча, лекин унинг сокин ҳаётида ўзгаришлар юз берди.
Энди ҳамма ерда бир хил: Ўзбекистон ҳақида, чегарадан ким қандай ўтгани, ўтказиш пунктида қанча вақт тургани, қариндошлари билан дийдорлашув, набиралар катта бўлиб қолгани ҳақидаги суҳбатларни эшитиш мумкин.
"Давлат чегарасидан ўтишда чекловларнинг олиб ташланиши – бу Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевларнинг тинчликсевар ва оқилона сиёсатлари маҳсули. Ўзбек ва тожиклар ўнлаб йиллар давомида тинч ва аҳил яшаб келишган. Чекловларнинг бекор қилиниши – қўшма корхоналар, янги иш ўринлари яратилиши, бюджетга қўшимча даромад ва охир-оқибат икки мамлакат аҳолиси ҳаётининг фаровонлашуви демакдир", — деди Конибодом шаҳри раиси ўринбосари Ҳомид Илхом Мухтор.
Шаҳарда энди ўзбек тилидаги суҳбатлар ҳам тез-тез қулоққа чалинмоқда.
Ҳозирда Конибодомда иккита — "Патар" ва "Ровот" пунктлари ишламоқда. Негадир иккинчи пункт аҳоли орасида оммавийроқ.
Иш кунлари навбатлар бўлмайди, лекин дам олиш кунлари чегарадан ўтувчилар гавжумлашади.
"Биринчи кунлари одам жуда кўп бўлди. Кейин одамлар ўзларини босиб олишди, истаган пайтларида Ўзбекистонга ўтишлари мумкинлигини тушунишди. Жума кунлари одам кўп ўтади – ҳамма ишдан сўнг дам олиш кунлари қариндошлари билан кўришгани шошилади", — дейди маҳаллий фуқаролардан бири.
Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасидаги назорат-ўтказув пунктида
Конибодомдаги бугунги ҳаёт ҳақида сўзамол таксичилардан кўп нарсаларни эшитиш мумкин.
"Чегаралар очилишини ҳаммамиз ҳаяжон билан, байрамдек кутиб олдик. Одамлар қувончдан йиғлаб юборишди", — дейди ҳайдовчи.
Ҳайдовчиларнинг айтишларича, деярли ҳар бир кишининг чегаранинг нариги томонида яқин қариндошлари бор.
"Бир пайтлар чегара йўқ эди. Конибодомда кўплаб ўзбеклар, чегаранинг нариги тарафида эса кўплаб тожиклар яшайди. Ҳамма бир-бирига қариндош", — дейишди улар.
Таксичиларнинг айтишларича, бир ойдан сўнг эҳтирослар босилди. Аммо ҳаяжонли ҳолатлар ҳали-ҳамон кузатилиб турибди.
Ёши ўтган бир аёл ўтказиш пунктидан кўзида ёш билан ортига қайтди. Маълум бўлишича, унинг паспорти муддати эскирган экан, катта фарзандлари Ўзбекистонга ўтишибди, лекин аёл ўтолмабди.
"Роса йиғлади. Лекин паспортини алмаштириши керак экан. Чегарачилар уни юпатишди, ҳужжатлари жойида бўлса муаммо чиқмаслигини айтишди", — дейди воқеа гувоҳларидан бири.
Аёлнинг ўзи воқеа ҳақида гапириб беролмади. Фақат бошқа кўплаб одамлар каби кўзида ёш билан "Президентларимизга катта раҳмат", дея олди холос.
Тожиклар ҳам, ўзбеклар ҳам икки мамлакат раҳбарларига бундай туҳфа учун миннатдорлик билдиришди.
"Президентимиз Имомали Раҳмон ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга чегараларни очишгани ва халқларимиз ҳаётини енгиллаштиришгани учун чин қалбимдан миннатдорлик билдираман. Бундан буён янада яхши бўлади деб умид қиламан", — дейди Конибодом тумани Пўладон қишлоғида яшовчи Абдураҳмон Турсунов.
"Биз қариндошларимиз билан 15 йилдан бери кўришмагандик. Йўлларни очишгани учун катта раҳмат. Жудаям хурсандмиз", — дея жилмаяди конибодомлик Фарида Қорабоева.
"Авваллари қўшни республикага ўтишга имконимиз йўқ эди. Энди Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмонларнинг оқилона сиёсати туфайли қўшниларимизникига бемалол бора оламиз", — дейди Бешариқ туманилик Насимбек Собиров.
"Шавкат Мирзиёевга катта раҳмат. Имомали Раҳмонга ҳам. Йўллар очилганидан бениҳоя қувончдамиз. Илоҳим, йўлларимиз доимо шундай очиқ бўлсин", — дейди ўзбекистонлик Насиба Олимова.
"Одамлар энди қўшни давлатга эркин боришлари ва қариндошлари билан кўришишлари мумкин. Иккала республика раҳбарларидан чексиз миннатдормиз", — дейди Конибодом шаҳрида яшовчи Қурбон Ғозиев.
"Биз Тожикистондаги уйимизга келмаганимизга ўн йил бўлганди. Бугун ҳеч қандай қийинчиликларсиз чегарадан ўтдик. Президентларимизга раҳмат. Ҳамиша соғ-саломат бўлишсин, дўстлик, қариндошлик муносабатларимиз ҳеч қачон узилмасин", — дейди Ўзбекистонда яшовчи жувон.
"Буни узоқ вақтдан бери орзу қилардик ва ниҳоят орзумизга етишдик. Президентларимизга катта раҳмат, умрлари узоқ бўлсин. Тожикистон ва Ўзбекистон дўстлиги абадий бўлсин. Ўртамизда ҳеч қачон тўсиқ бўлмасин", — дейди ўзбекистонлик Матлуба Бердалиева.
Умуман олганда, назорат-ўтказиш пунктида вазият тинч, чегарачилар одатий тартибда ишлашмоқда, тирбандликлар кузатилмаяпти.
Чегаралар очилиши кундалик турмушга қандай таъсир қилди
Маҳаллий аҳолининг айтишича, қариндошларнинг дийдорлашуви чегаралар очилишидан кейин юз берган ягона ижобий ҳолат эмас.
Тожикистон ва Ўзбекистон аҳолиси учун дам олиш кунларида янги одат урф бўлди. Энди эринмаган одам борки қўшни давлатга йўлга отланади: қариндошлари билан кўришади, меҳмонга боради, у-бу нарса сотиб олади, қўшнилар қандай яшаётганлиги билан танишади.
"Якшанба кунлари одам кўп бўлади, иш кунлари озроқ. Энг кўп одам жума кунига тўғри келади. Ким ўзбек, ким тожиклигини ҳам ажратиш қийин. Ўзбекистонликларнинг кўпи тожикчани, тожикистонликлар эса ўзбекчани яхши билишади", — дейишди ҳайдовчилар.
Чегаралар очилишидан нафақат аҳоли, балки маҳаллий тадбиркорлар ҳам хурсанд. Улар маҳсулотларини сотиш учун янги бозорга эга бўлишди.
Ҳайдовчилар ҳам хурсанд, уларнинг мижозлари сони ошди. Энди пункт олдида ҳар куни маршрут ва таксилар навбатчилик қилмоқда.
Бундан ташқари, Конибодомда озиқ-овқат маҳсулотлари сезиларли даражада арзонлашди.
"Бозордаги маҳсулотлар арзонлашди. Ошкўклар, ун, тухум нархи анча тушди. Ўзбекистонлик сотувчилар биздагидан кўра арзонроқ нархда сотишмоқда", — дейишди аёллар.
Тожикистонлик савдогарлар ҳам ўзбек ҳамкасбларидан қолишмасликка ҳаракат қилишмоқда ва Ўзбекистонга ўз маҳсулотларини олиб ўтишмоқда.
"Бу уларга ҳам, бизга ҳам фойдали. Тожиклар Ўзбекистонда тақчил маҳсулотларни олиб келишмоқда. Ҳамма хурсанд", — дейишди бозордаги харидорлар.
Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари
1 мартдан Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасида илгари ёпиб қўйилган ўнта назорат-ўтказиш пункти ишлай бошлади.
Чегаралар Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар илиқлашуви туфайли очилди. Икки республиканинг аҳиллашуви ҳақида экспертлар Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти этиб сайланганидан сўнг фикр билдиришганди.
Ўзбекистоннинг янги раҳбари биринчи навбатда қўшнилар билан алоқаларни мустаҳкамлашга эътибор қаратди. Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатнови тикланди, темир йўл қатновини тиклашга келишиб олинди.
Томонлар икки мамлакатнинг маданият кунларини ўтказди, кўргазма-ярмаркалар ташкил этилиши натижасида тожик ва ўзбек ишбилармонлари бир неча миллион долларлик шартномалар имзолади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9-10 март кунлари Душанбега давлат ташрифи билан келиши муҳим воқеага айланди. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида турли соҳалар бўйича 27та ҳужжат имзоланди.