Туркия Фарғона водийсида касб-ҳунарга ўқитиш марказларини очади

Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш Агентлиги Ўзбекистон томонга мамлакатда талаб юқори бўлган соҳалар бўйича касб-ҳунарга ўқитиш тизимини йўлга қўйиш юзасидан таклиф киритди. Туркия ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган малакали касб эгаларини ўз меҳнат фаолиятини бошлашда керакли жиҳоз ва анжомлар билан таъминламоқчи
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш Агентлиги (ТIKА) вице-президенти Сурайё Ер ва агентликнинг Ўзбекистондаги ваколатҳонаси раҳбари Али Ихсан Чаглар билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Туркияга меҳнат муҳожирларини жўнатишни бошлайди
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Актам Хаитов вазирлик тизим ходимлардан 25 нафари ТIKА билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган Туркия Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазирлиги тасарруфий ташкилотларида малакасини оширишга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади ва алоҳида эътироф этди.

Шунингдек, учрашувда ТIKА билан ҳамкорликда Ўзбекистонда банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш тизимида амалга оширилиши назарда тутилган устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилди. ТИКА томонидан Ўзбекистон Республикасида талаб юқори бўлган соҳалар бўйича касб — ҳунарга ўқитиш тизимини йўлга қўйиш юзасидан таклиф берилди.

Жумладан, ТИКА раҳбарияти Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида ҳудуд эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, касб — ҳунарга ўқитиш марказларини очиш, айниқса талаб юқори бўлган тикувчилик, автомобилсозлик, машинасозлик, пайвандлаш ва бошқа шу каби йўналишларда касб — ҳунарга ўқитиш тизимини яратиш фикрини билдирди.

Касб-ҳунарни ўргатишда Туркия Республикасидан малакали кадрларни жалб қилиб, таълим сифатини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек, ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган малакали касб эгаларига ўз меҳнат фаолиятини бошлашда керакли жиҳоз ва анжомлар билан таъминлаб берилишини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Ушбу тизим аввало Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ишга туширилиши ва кейинчалик Ўзбекистоннинг қолган барча вилоятларида ҳам ҳудди шундай марказлар очиш режалари илгари сурилди.