Фарғоналик йигит Сурияда террорчилар сафида жанг қилгани учун 15 йилга қамалди

Фуқаро Ўзбекистон ва Туркия махсус хизматлари томонидан ўтказилган ҳамкорликдаги операция натижасида Россияга чиқиб кетиши олдидан қўлга олинган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 мар — Sputnik. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди томонидан фуқаро Абдубосид Ахмаджонов Сурияда террорчилар гуруҳлари сафида жанговар ҳаракатларда иштироки ҳамда Россияда терактни ташкиллаштиришда алоқадорлиги туфайли 15 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилди.

Афғонистонда ўзбекистонлик ИД қўмондони қўлга олинди
"Абдубосид Ахмаджонов, 1996 йилда Марғилонда туғилган, радикал экстремистик ташкилотлар таркибида жанговар ҳаракатларда қатнашгани ҳамда Россия шаҳарларидан бирида теракт ташкиллаштиришда иштироки учун 15 йилга озодликдан маҳрум этилди", — деб аниқлик киритган РИА Новости нашрига суд вакилларидан бири.

Тергов маълумотларига кўра, айбланувчи 2012 йилда Туркияга пул ишлагани кетиб, "Таухид вал-Жиҳод" радикал гуруҳ вакиллари таъсирига тушиб қолган. 2016 йилнинг январида Ахмаджонов Сурияга ўтган ва у ерда ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, аввалига "Таухид вал-Жиҳод" радикал гуруҳ, сўнгра "Иморат Кавказ" террорчилик ташкилоти сафларида жанговар ҳаракатларда қатнаша бошлаган.

Суд давомида айбланувчи Сурияда жангарилар сафида юз берган жиддий йўқотишлардан сўнг у Туркияга қайтишга қарор қилганини тан олган. Аммо унинг олдига шунда бир шарт қўйилган: у 15 минг доллар мукофот эвазига Россия шаҳарларидан бирида теракт ташкиллаштиришда иштирок этиши лозим эди.

Туркия ертўлаларида у портловчи модда тайёрлаш бўйича "курслар"ни тамомлаб, шундан сўнг Россияга бориб, теракт ташкилотчиларига қўшилиши керак эди.

2017 йилнинг ўрталарида Ўзбекистон ва Туркия махсус хизматлари томонидан ўтказилган ҳамкорликдаги операция натижасида Ахмаджонов Россияга чиқиб кетиши олдидан қўлга олинади. "Суд жараёни давомида судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймонлигини маълум қилди", — қўшимча қилган суд вакили.