Милиция полицияга айлантирилса, нима ўзгаради? Экспертлар фикри

Қирғизистон Бош вазирининг милицияни полицияга айлантириш ҳақидаги гаплари ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинган янгиликка айланди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 мар — Sputnik. Ўтган ҳафтада Қирғизистон Бош вазири Сапар Исаков айни кунларда ҳукумат милицияни плицияга айлантириш масаласи устида иш олиб бораётгани ҳақида хабар берган эди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан ушбу янгилик қизғин муҳокама қилинди, улар орасида ўзгаришлардан фойда йўқ, деб фикр билдирганлар ҳам бўлди.

Қирғизистон Бош вазири милицияни полицияга айлантирмоқчи

Sputnik Қирғизистон таҳририяти ушбу қарор юзасидан мутахассисларни саволга тутди.

Дмитрий Федоров, куч тузилмалари органлари фахрийси

— Бу ғоя пайдо бўлиши сабаби нимада? Сапар Исаковнинг "милиция — бу милитаристик орган, полиция эса халққа яқин бўлади" деганини қандай тушуниш керак? Менимча бу популизмнинг ўзгинаси. Муҳим қарорларни қабул қилишда унинг мақсади, молиялаштириш манбалари ва натижада қандай ўзгаришлар рўй беришини ҳисобга олиш керак. Аллақандай ислоҳотларни ўтказишга ҳаракат қилиб кўриш керак, деб бўлмайди. Ҳа, ўзгартириш киритиш ва полицияни яратиш мумкин. Аммо буни асосий мақсад қилиб бўлмайди.

Шундай тасаввур пайдо бўляптики, ташаббускорларни ўзлари ҳали милиция ва полиция ўртасидаги чегарани тўлиқ ўрганганлари йўқ. Қисқароқ қилиб айтганда, милиция бажарадиган вазифаларни аниқлаштирадиган қонунлар, ҳужжатлар бор. Улар нима, ёмон бўлиб қолдими? Наҳотки бу қонунлар милицияни ёмон ишлашга мажбур этаётган бўлса? Йўқ, ундай эмас, бу борада ҳаммаси аъло. Унда ҳақиқатда нима рўй бермоқда? Милиция ўз вазифаларини бажаришни уддалай олмаяпти. Шу боис унинг номини ўзгартиришдан фойда йўқ, милиция аниқ ишлашни ўрганиши керак. "Запорожец"га Mercedes, эмблемасини тақиб қўйган билан, у иномаркага айланиб қолмайди", — деди Федоров.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлиги Давлат Қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари, хавфсизлик бўйича эксперт, генерал-майор Артур Медетбеков

ИИВ раҳбари: Ўзбекистонда ҳозирда милиция йўқ
- Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ислоҳотларга муҳтож. Шундай ташаббус бор экан, демак, ҳукумат стратегик режаларни мақсад қилиб қўйган. Ҳамма қўшни давлатлар полиция иш тизимига ўтган, менимча фақат биз бунда ортда қоляпмиз. Агар полицияга ўтадиган бўлсак, эксперт комиссиясини тузиш керак, токи номзодлар ишга киришдан олдин жиддий текширувдан ўтишлари лозим.

Агар масаланинг молиявий томони ҳақида гапирадиган бўлсак, бюджет дефицити туфайли халқаро донорларнинг пул воситалари керак бўлади, чунки ходимларнинг малакаси даражасини кўтариш учун катта маблағлар талаб этилади. Агар масаланинг мана шундай томонларини ҳам ислоҳотларга қўшса, натижа бериши мумкин. Шунчаки номни ўзгартириш учун бўлса, ҳаттоки уринишнинг ҳам кераги йўқ.

Сергей Жовтис, қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси

— Милицияни полицияга ўзгартиришаркан, дейишса, халқ табиийки, туб ўзгаришлар бўлишини кутади. Одамлар полициячилар қонун доирасида ишлайди, инсон ҳуқуқларини улар ҳеч қачон бузмайдилар ва ўз ҳаётларини жиноятчиликка қарши курашга бағишлайдилар дея умидвор бўладилар.

Ўзбекистонда милиция ходимларига ўзини фуқаролардан устун қўйиш ман этилди

Агар бу борада Қозоғистон тажрибасини олиб қарайдиган бўлсак, бу ерда полицияга ўзгартирилганидан кейин ҳаммаси ҳам ўзгариб қолгани йўқ. Полиция ҳозирда ўзини жамоатчилик хавфсизлиги мақсадларида жиноятчиликка қарши курашувчи орган сифатида намоён қилмоқда. Ваҳоланки, полициянинг тўғридан-тўғри вазифаси — бу қонунга итоаткор фуқароларнинг эркинлигини ҳимоя қилишдир. Агар кенгроқ айтадиган бўлсак, полиция ҳар бир фуқарога шубҳа билан қараши керак эмас. Унинг принципи — барча фуқароларни майда элакдан ўтказиш. Жамият учун хавф туғдирадиган одамлар ана шундай кўриниб қолади.

Ҳаммаси эса бошқача бўлиши керак. Халқ полицияга тўлиқ ишониши, унга худди ўз посбонига сингари муносабатда бўлиши керак. Ёрқин мисол тарзида Болтиқбўйи ва Грузияда ўтказилган ислоҳотларни келтиришим мумкин. У ерда полиция жамоатчилик тартибини сақлашни ва халқни ҳимоя қилишни бошлади. Фуқаролар ўзгаришларни дарҳол пайқадилар. Жиноятчиликка қарши кураш эса у ерда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бўлимлари томонидан олиб борилади.