Ўзбекистон фаоллари мамлакат халқини дабдабага қарши курашишга даъват қилди

Пул топиб, ақл топмаган, маънавий савияси паст айрим кимсалар, айниқса, оёғи ердан узилган баъзи мансабдорлар бу борада ахлоқ-одоб мезонларини унутиб, ўзларининг жамиятдаги мавқеини, бойлигини кўрсатиб қўйиш каби худбин мақсадларни кўзламоқда, дейилади мурожаатда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги Республика "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва "Нуроний" жамғармаси фаолларининг ўзбекистонликларга мурожаатини эълон қилди.

Дабдабанинг дабдаласи: дабдабага қарши қонун қабул қилинадиган вақт келди
Мурожаатда кейинги пайтларда тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, ўзбек халқининг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби салбий иллатлар кўзга ташланаётгани қайд этилган ва бундай иллатларга қарши ҳамма бир тану бир жон бўлиб курашиши лозимлиги айтилган.

"Ушбу долзарб масала неча ўн йиллардан бери халқимизнинг ўткир муаммоларидан бири бўлиб келмоқда. ХХ аср бошида жадид боболаримиз тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчилик ва дабдабабозликнинг миллатимизни маънавий таназзул ва қашшоқликка етаклайдиган иллат экани ҳақида куюниб ёзганларини эслайлик. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий миллатимиз тараққиётига тўғаноқ бўладиган икки нарса бор: бу — тўй ва азадир, деб айни ҳақиқатни ёзган эди.

Афсуски, йиллар ўтса-да, замон ўзгариб бораётган бўлса-да, миллий тараққиётимизга катта тўсиқ ва ғов бўлиб келаётган бу иллатга барҳам бериш, тўй-маъракаларни ихчам, замонавий кўринишда ўтказиш ўрнига, тўйдан олдин ва кейин бўладиган керакли-кераксиз тадбирларни ўйлаб топиш, дабдабабозлик қилиб, ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйиш ҳолатлари тобора кучайиб бормоқда.

Мана, қандай бўлиши керак: Тошкент вилоятида "намунали тўй" ўтказилди
Пул топиб, ақл топмаган, маънавий савияси паст айрим кимсалар, айниқса, оёғи ердан узилган баъзи мансабдорлар бу борада ахлоқ-одоб мезонларини унутиб, ўзларининг жамиятдаги мавқеини, бойлигини кўрсатиб қўйиш каби худбин мақсадларни кўзламоқда.

Энг ёмони, бундай ҳолатлар ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Уларда ҳалол меҳнатга нисбатан беписанд муносабат ва енгил-елпи ҳаёт кечириш, манманликка интилишнинг кучайишига сабаб бўлмоқда.

Тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига, уларнинг қарз ва ғам-ташвиш ботқоғига ботишига, энг хавфлиси, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитни бузишга олиб келмоқда.

Бундай нохуш ҳолатлар жамоатчиликнинг ҳақли эътирозини уйғотмоқда, оммавий ахборот воситаларида, маҳалла-кўй, аҳоли ўртасида кенг муҳокама қилинмоқда. Лекин кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, афсуски, бу борада жиддий ўзгаришлар кўзга ташланмаяпти", — дейилади мурожаатда.

Шунингдек, фаоллар тўй ва маросимлар шахсий иш эмаслиги, мамлакат ва миллат тақдирига дахлдор ижтимоий аҳамиятга эга масалалигини алоҳида қайд этганлар.

"Халқимизнинг миллий табиатига мутлақо ярашмайдиган, оилаларнинг моддий аҳволини оғирлаштирадиган, уларнинг турмушини издан чиқарадиган бундай бемаъни ҳолатларга барҳам беришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда", — қўшимча қилинган мурожаатда.

Шу муносабат фаоллар ўзбекистонликларни ўз ҳудудларида тўй ва маъракалар, оилавий маросим ва бошқа тадбирларнинг ўтказилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда фаол иштирок этишга даъват қилган.

Тўйхона ва бозорга айлантирилган кинотеатрлар фаолияти тикланади
"Қуръони каримда: "Енглар, ичинглар, лекин исрофгарчиликка йўл қўйманглар. Зеро, Аллоҳ таоло исроф қилгувчиларни севмагай", деб буюрилган. Бир кунлик тўй деб бутун умр йиққан-терган маблағини совуриш, бандасига ато этилган ноз-неъматни исроф қилиш катта гуноҳ эканини эсдан чиқармайлик. Сохта обрў орттиришга қаратилган бундай ишлар ўрнига бева-бечораларга, ночор инсонлар, муҳтож оилаларга ёрдам берайлик. Хайрли ва савобли ишга қўл урган, етим-есирнинг бошини силаган одам бир умр савоб олишини, халқ ичида доим ҳурмат ва эъзозда бўлишини маҳалладошларимизга, аёлларимиз ва болаларимизга тушунтирайлик.

Ҳар бир маҳаллада кўпни кўрган, кайвони отахон ва онахонлар бош бўлиб, тўйларни ихчам, камчиқим, замонавий қилиб ўтказиш бўйича меъёр ва мезонларни ишлаб чиқайлик ва уларга қатъий амал қилайлик", — дейилади фаоллар мурожаатида.

Шунингдек, мурожаатда оилавий тадбирларда санъаткорларнинг иштирокига доир масала ҳам кўтарилган.

Санъаткорларнинг саҳнада ўзини тутиши ва муомала маданияти назорат остига олинади
"Улар қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатса ва шу тартибга қатъий риоя қилинса, санъаткорларнинг масъулияти янада ошади, миллий урф-одатларимиз ва маънавиятимизга мутлақо тўғри келмайдиган куй-қўшиқлар, рақс ва бошқа чиқишларнинг олди олинади. Айни пайтда кўчалар, майдонлар ва бошқа жамоат жойларида турли замонавий техник ускуналар, жумладан, овоз кучайтирувчи воситалардан фойдаланиш атрофдаги инсонларнинг ҳаловатини бузаётганига ҳам бефарқ бўлмайлик", — деди фаоллар.

Фаоллап Ўзбекистон хотин-қизларига мурожаат қилар экан,кўп масала аёлларга боғлиқлигини алоҳида таъкидлашган.

"Бугунги кунда мамлакатимизда хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракати, юқори технологияларга асосланган замонавий тармоқлар, илм-фан, тиббиёт, таълим-тарбия, маданият ва санъат каби муҳим соҳа ва тармоқлар ривожини сизларнинг иштирокингизсиз тасаввур этиш қийин. Сизлар хонадонларимизда, маҳаллаларимиз, бутун юртимизда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини яратишда доимо фаол бўлиб келмоқдасиз.

Шундай экан, ижтимоий ҳаётимиздаги нуфузингиз ва мавқеингиздан фойдаланиб, тўй ва турли маросим ўтказаётган оилаларга кириб, сарпо, буюм йиғишга ружу қўйиш, ортиқча орзу-ҳавасга берилиш нафақат оила бюджетига, балки ёш оилалар маънавиятининг негизига ҳам жиддий путур етказишини ҳаётий аниқ мисоллар орқали тушунтириб беришингиз лозим", — дейилади опа-сингилларга мурожаатда.

Мурожаатнинг ёшларга аталга қисмида уларнинг вазифаси "шиддат билан тез ўзгариб бораётган бугунги глобаллашув замонида замонавий илм-фан ютуқларини, ахборот-коммуникация технологиялари сирларини, чет тилларни пухта эгаллаш, мамлакатимизни ҳар томонлама равнақ топтиришга ҳисса қўшишдан иборат"лиги эслатиб ўтилган.

"Бугунги дунё тараққиётидан яхши хабардор бўлган XXI аср ёшлари сифатида сизлар миллатимиз шаънига доғ туширадиган бундай салбий иллатларга қарши курашда ташаббус ва фаоллик кўрсатасиз, деб ишонамиз.

Аввало, ўзингизнинг, қолаверса, миллатимизнинг шаънини, ота-оналарингиз саломатлигини, бўлғуси оилангиз бахтини ўйлаб, тўйларимизни камтарона, ихчам қилиб ўтказишга ташаббускор бўлинг!", — дейилади ёшларга даъватда.

Фаоллар тўй-маъракалар ўзбек миллатининг азалий қадриятлари ва анъаналарини намоён этадиган кўзгу эканлигини, уларни юксак маънавий мезонларга муносиб тарзда ўтказиш лозимлигини таъкидлашган.

"Тўйлар муборак", ёҳуд Деҳқонқулга айланмайлик! - Қудратхўжаевнинг тўйлар ҳақида ўйлари
"Бу эзгу ишга ҳамма бирдай бош қўшиши лозим, ҳеч ким ўзини четга олиши, менга бунинг дахли йўқ, деб лоқайд бўлиши мумкин эмас. Зеро, не-не машаққатларни, оғир кунларни бир жону бир тан бўлиб мардларча енгиб ўтган донишманд халқимиз одоб-ахлоқ мезонларига ҳам, муқаддас динимиз талабларига ҳам тўғри келмайдиган бундай иллатларга барҳам беришга қодир, деб ишонамиз.

Биз юртимиз жамоатчилигини шу йўлда ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлишга, ушбу долзарб масала муҳокамасида таклиф ва тавсиялар билан фаол иштирок этишга чақирамиз", — дейилади мурожаатда.