Ўзбекистонда табиий виноларни ишлаб чиқариш бўйича лицензиялаш бекор қилинади

Шунингдек, 2018 йилнинг 1 апрелидан виночилик маҳсулотлари учун яроқлилик муддатини белгилаш тўғрисидаги талаб истисно этилади ва бундай маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга уларни сақлаш муддатини мустақил белгилаш ҳуқуқи тақдим этилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати 2019 йилнинг 1 январидан ўз узумзор плантацияларининг хом ашёсидан ишлаб чиқарилган табиий узум виноларини қишлоқ хўжалиги маҳсулоти тоифасига киритган ҳолда, ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни лицензиялашни бекор қилмоқда.

Ўзбекистондаги йирик спирт ва ароқ-вино компаниялари бирлаштирилди
Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг "Виночилик соҳасини ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида айтилган.

Ҳужжатга кўра, 2018 йилнинг 1 апрелидан виночилик маҳсулотлари учун яроқлилик муддатини белгилаш тўғрисидаги талаб истисно этилади ва бундай маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга уларни сақлаш муддатини мустақил белгилаш ҳуқуқи тақдим этилади.

2018 йилнинг 1 июлидан алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарга ўз виночилик маҳсулотларини туристик йўналишларида ташкил этилган заводга тегишли дегустация ҳудудларида (жойларида) чакана реализация қилиш ҳуқуқи берилади.

2019 йилнинг 1 январидан табиий винолар, виноматериаллар ва коньяк спиртини ишлаб чиқариш, шунингдек, узумни қайта ишлаш бўйича фаолиятни узумнинг мева берувчи техник навларини етиштириш бўйича 100 гектардан кам бўлмаган плантация майдонига, шунингдек, вино-коньяк маҳсулотларининг сақланиши ва етилиши учун эман бочкаларига эга корхоналар, қонунчиликда назарда тутилган бошқа талабларга риоя қилган ҳолда, амалга оширишлари мумкин.