ТОШКЕНТ, 26 фев — Sputnik. Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов "Россия сегодня" ХАА мухбирининг Тошкентда баҳорда Афғонистон бўйича бўлиб ўтадиган анжуманда нималар муҳокама қилиниши ва қайси давлатлар келишни режалаштираётгани ҳақидаги саволга жавоб берди.
Сиёсатчи бу масала шу пайтгача кўплаб турли форматлар, гуруҳлар, композициялар доирасида муҳокама қилинганини қайд этиб ўтди. Айрим тафовутларга қарамасдан, умуман олганда, барча форматларда гап бир хусусда борган. Чунки ҳамма бу муаммонинг ҳарбий ечими йўқлигини тушунишади.
"Марказий ҳукумат билан музокаралар столи атрофига тўпланиб, олдиндан шартлар қўймасдан, диалогни бошлаш вақти келди. Агар иккала томоннинг қандайдир саволлари бўлса, у ҳолда, бу шундай диалоглар жараёнида муҳокама этилиши мумкин. Диалогнинг бошланишини хоҳлаймиз", — деб аниқлик киритди Ўзбекистон ТИВ раҳбари.
Камиловга кўра, бу жараён, музокаралар формати, музокаралар ўтказиладиган жой ва вақт Афғонистон томон, афғон халқи томонидан белгиланиши керак.
Бундан ташқари, халқаро ташкилотлардан — БМТ ва Европа Иттифоқи иштироки кутилмоқда. Шунингдек, анжуманда иштирок этиш истагини билдирган қатор европа давлатлари ҳам бор — булар Буюк Британия, Германия, Франция ва Италия.
Шубҳасиз, Марказий Осиё мамлакатлари ҳам бунда тўлиқ иштирок этишади ва бу Ташқи ишлар вазирлари даражасидаги учрашув бўлади.